Ҳурматли дўстлар!

Аввало, сизларни – заҳматкаш ишчи ва хизматчилар, қурувчи ва муҳандисларни, машинист ва вагон кузатувчилари, соҳа фахрийларини Темир йўл транспорти ходимлари куни билан чин дилдан самимий табриклайман.

Янги Ўзбекистонни – жадал ривожланиб, дунёга юз тутаётган давлат ва жамиятни барпо этишда сиз, азизларнинг ўрнингиз ва ҳиссангиз беқиёс эканини барчамиз миннатдорлик билан эътироф этамиз.

Жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида нишонланаётган ушбу қутлуғ айёмда Ўзбекистон темир йўллари истиқлол даврида катта ривожланиш йўлини босиб ўтганини таъкидлашимиз табиийдир.

Бу даврда 2 минг 400 километрдан кўпроқ янги темир йўллар қурилиб, фойдаланишга топширилди, 3 минг километрдан зиёд йўллар электрлаштирилди, 1 минг 100 километрдан ортиғи эса реабилитация қилинди.

Ҳеч шубҳасиз, темир йўл тармоқларининг кенгайиб бораётгани барча ҳудудларимизни ўзаро мутаносиб ривожлантириш, бой минерал хомашё ресурсларини комплекс ўзлаштиришда янги-янги имкониятлар очмоқда.

Буни “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилганидан буён юк ва йўловчи ташиш ҳажми 2 баробардан зиёд кўпайгани, 1,6 миллиард тонна юк ташилиб, 380 миллион нафар йўловчи манзилга етказилгани ҳам яққол тасдиқлайди.

Сизлар каби минглаб фидойи юртдошларимизнинг масъулиятли меҳнати туфайли мамлакатимизда замонавий инфратузилмага эга бўлган, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини тўлиқ таъминлай оладиган яхлит темир йўл тизими барпо этилиб, республикамизнинг барча ҳудуд ва минтақаларини ишончли ва самарали боғлаб келмоқда.

Ҳозирги кунда юртимиз замонавий транспорт коммуникациялари ва юксак транзит салоҳиятига эга бўлган давлат сифатида Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни ўзаро боғлайдиган халқаро темир йўлларнинг муҳим ҳалқасига айлангани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Пойтахтимиздан Самарқанд, Бухоро, Қарши каби тарихий шаҳарларимизга қатнаётган замонавий “Афросиёб” электропоездлари миллий темир йўл транспортимизнинг брендига айланди. Насиб этса, келгуси йилда Бухоро – Хива йўналишида ҳам юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездлари қатновини йўлга қўямиз. Бу эса аҳолимиз учун ҳар томонлама қулайлик яратиш билан бирга, туризм соҳаси ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Ўзбекистон темир йўлчилари аэропортлар, метро линиялари, кўприк ва йўл ўтказгичлар қуриш, конларни ўзлаштириш борасида ҳам муҳим стратегик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда.

Мамлакатимиз Марказий Осиёда биринчи бўлиб темир йўл соҳасида ўзининг оғир машинасозлик ва қуюв-металлургия саноатига эга бўлди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган йирик саноат корхоналари барпо этилиб, вагон ишлаб чиқариш, локомотивлар, юк ва йўловчи вагонларини модернизация қилиш ва таъмирлаш йўлга қўйилди.

Энг муҳими, соҳада амалга оширилаётган мураккаб бошқарув ва технологик ишларнинг барчаси ўзимизнинг маҳаллий мутахассисларимиз, азму шижоатли ёшларимиз томонидан бажарилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу тизимда сидқидилдан меҳнат қилаётган барча юксак маҳоратли, жонкуяр инсонларга ўз номимдан, халқимиз номидан ташаккур билдираман.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Мамлакатимиз темир йўл тизимини модернизация қилиш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этган ҳолда йирик ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янгича фикрлайдиган, Ватанимизга садоқат билан хизмат қиладиган замонавий кадрларни тайёрлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини албатта барчамиз яхши тушунамиз.

Ўтган даврда катта билим ва тажриба орттирган темир йўл соҳаси ходимлари ўзларининг мардона меҳнати, бунёдкорлик салоҳияти билан олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли адо этадилар, деб ишонаман. Бу мақсадларга эришиш учун давлатимиз томонидан барча зарур шароитлар яратиб берилишини алоҳида таъкидламоқчиман.

Сиз, азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, келгуси фаолиятингизда янги ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга тинчлик, бахт ва қут-барака тилайман.

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти