Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда мамлакатимизда Дўстлик фестивали ўтказилмоқда.

Анжуман доирасида пойтахтимиздаги “International hotel of Tashkent” меҳмонхонасида “Халқлар дўстлигини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар йили 30 июль Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу байрам таъсис этилиши кўп миллатли халқимиз томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинди.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси вазирлик, идора, ташкилот вакиллари, хориждаги ватандошлар, халқаро тузилмалар ва дипломатик корпус, жамоат бирлашмалари, Дўстлик жамиятлари, Миллий маданий марказлар, Ўзбекистондаги диний конфессиялар вакиллари, олимлар иштирок этди.

Нуфузли анжуманга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Эстония каби давлатлардан етакчи экспертлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари ҳам ташриф буюрган.

Конференциядан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистонда халқ дипломатияси асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам муносабатни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона маданий-маърифий алоқани мустаҳкамлаш орқали мамлакатимизда яшаб келаётган барча миллат, элат вакилларининг тарихи, маданияти, маънавий қадрияти, миллий анъана ва урф-одатларини сақлаш, ҳар томонлама ривожлантиришдир.

Тадбир иштирокчиларига Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кам сонли миллатлар бўйича Олий комиссари Қайрат Абдрахманов онлайн тарзда видеотабрик йўллади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланган. Турли халқларнинг маданияти ва урф-одатини ривожлантириш учун кенг имконият яратилган. Бу республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида аввало инсон манфаати, унинг ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш мақсади устуворлигидан далолат. Бинобарин, юртимизда аҳил-иноқ яшаб келаётган 130 дан ортиқ миллат, элат вакиллари фаол меҳнати билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, кўплаб ютуқларни қўлга киритиб келмоқда.

– 2017 йил Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида давлатимиз раҳбари ташкилот доирасида  доимий равишда фаолият юритувчи “халқ дипломатияси”ни  жорий этиш ташаббусини илгари сурган эди, – дейди Ўзбекистондаги ШҲТ халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров. – Бугунги тадбир ушбу ташаббуснинг амалий ифодаси, дейиш мумкин. Қолаверса, ушбу анжуман ўтган йил Тошкентда ўтказилган “Халқ дипломатияси форуми”нинг ҳам узвий давоми. Анжуманда, халқ дипломатияси механизмидан самарали фойдаланган ҳолда, халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, миллатлараро муносабатни янада кенгайтириш,  динлараро уйғунликни шакллантириш, биродарлашган шаҳарлар ўртасидаги келишувларни рўёбга чиқариш, хориждаги ватандошларимиз салоҳиятидан кенг фойдаланиш доирасида аниқ таклиф, тавсиялар ишлаб чиқилди. Келгусида шу тавсиялар асосида иш олиб бориш кўзда тутилган.

Конференциянинг ялпи мажлисида Ўзбекистон ташқи сиёсатида дунё мамлакатлари билан ишончли муносабат ва очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича эришилган ютуқлар тўғрисидаги маърузалар тингланди.

Таъкидландики, Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида, минтақа ва глобал даражада фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқа ўрнатмоқда. Эътиборлиси, бундай изчил, аниқ ва конструктив ташқи сиёсатни халқаро экспертлар ва кузатувчилар ҳам эътироф этмоқда. Айни жараёнда “халқ дипломатияси”нинг фаоллиги яққол намоён.

Мазкур тадбир ҳам халқ дипломатияси, илм-фан, маданият, санъат, таълим, миллатлараро муносабатлар соҳаларида бугунги кун масалаларини ҳамжиҳатликда муҳокама қилиш, ўзаро фаол маданий алмашинувга эришиш имкониятини яратиши билан аҳамиятлидир.

Конференция шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Биринчи йиғилиш “Биродар шаҳарлар алоқалари – замонавий давлатлараро муносабат тимсоли”, иккинчи шўъба “Халқ дипломатияси ривожланишида хориждаги ватандошлар ўрни” мавзусига бағишланди. Юртимизда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раислари, халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар мутасаддилари миллий сиёсат, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик борасида фикр, мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир якуни бўйича тегишли резолюция қабул қилинди.

Гўзал Сатторова, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА