Кеча “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг тадбирлар залида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши муассислигидаги “Ўзбекистон овози” газетасининг 105 йиллик юбилейига бағишлаб адабий-бадиий байрам тадбири ўтказилди.

Унда газетанинг фахрийлари, фидоийлари, давлат ва жамият арбоблари, бугунги кунимизнинг етук қаламкашлари бир давра атрофида йиғилиб, газетанинг босиб ўтган узоқ машаққатли йўли ва бугунги фаолияти ҳақида дилдан суҳбат қуришди. Йиғилганлар “бу даврда газетанинг уч авлоди юзлашди”, дея хитоб қилишди.

Бу газета биринчи марта 1918 йил 21 июнда, “Иштирокиюн” номи билан босилган. Газета Ўзбекистондагина эмас, бутун Туркистон ўлкасида биринчи миллий матбуот нашрлари қаторида намоён бўлган.

1920 йил 12 декабрдан “Қизил байроқ”, кейинроқ “Туркистон”, 1924 йил декабрдан бошлаб “Қизил Ўзбекистон”, 1964 йилдан “Совет Ўзбекистони”, 1991 йилдан, яъни мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунларидан бошлаб, ҳозиргача “Ўзбекистон овози” номи билан чоп этилмоқда.

Юртимизнинг кейинги 100 йиллик тарихи ушбу газета саҳифаларида муҳрланган. Газета узоқ, оғир йўлни катта курашлар билан босиб ўтди. Ҳар қандай шароитда ҳам миллий қадриятларимизни, манфаатларимизни ҳимоялашга ҳаракат қилди.

Газета ўзлигидан узоқлашмаган. Миллий қадриятларимиз, буюк тарихимизни эслатиб турадиган, бошига кўтарадиган ва бу туйғуларни ўз ижодлари орқали матбуот саҳифаларига олиб чиқадиган фидойи ижодкорлар газета жамоасида ҳамма вақт бўлган.

Турли давр ва йиллар давомида бу газетага Акмал Икромов, Шароф Рашидов, Иброҳим Раҳим, Зиёд Есенбоев, Мақсуд Қориев сингари машҳур давлат, жамоат арбоблари ва ижодкорлар Бош муҳаррир бўлишган.

Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Ойбек, Пиримқул Қодиров, Муҳаммад Юсуф, Саъдулла Ҳаким, Азим Суюн, Сафар Остонов ва бошқа кўплаб таниқли публицист, шоир, ёзувчилар ушбу таҳририятни бошқарган, ишлаган, газетанинг фаол муаллифларидан бўлишган.

Бу газетада ишлаб тобланган, тажриба орттирган бир гуруҳ журналист-публицистлар давлат ва жамият бошқарувининг турли бўғинларида, масъул вазифаларда самарали меҳнат қилган. Шу маънода “Ўзбекистон овози” таҳририяти мамлакат матбуотининг ўзига хос кадрлар мактаби сифатида ҳам эътироф этилади.

Кейинги йилларда газета турли қийинчиликларни енгиб ўтиб, эмин-эркин фаолият юритмоқда, янги режалар тузмоқда. Мамлакат бошқарувини янада демократлаштириш, сиёсий плюрализм, профессионал парламент, вакиллик ҳокимиятини мустаҳкамлаш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига эришиш, ижтимоий бирдамлик ва ҳимоя, инсон қадр-қиммати каби мавзулар газетанинг асосий принциплари бўлиб қолмоқда.

Доим масъулиятли бўлишга ундаб турадиган яна бир омил – шубҳасиз, “Ўзбекистон овози”, деган қутлуғ номдир.

Кеча тадбирда йиғилганлар ушбу даргоҳда ишлаган барча устозларни, ҳамкасбларни, муаллифлар ва муштарийларни газета фаолиятидаги тарихий кун билан қутлашди!

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати