Ҳар йили дунёда 325 миллионга яқин одам гепатит B вируси ва камида 200 миллион киши гепатит C вируси билан касалланади.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарияти, илмий-тадқиқот институти мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда гепатитга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилишича, гепатит B ва C вируси сабабли ҳар йили 1,4 миллион одам вафот этади. Бу эса ОИВ/ОИТС ва безгакдан кўпроқ деганидир.

Юртимизда ушбу хавфли касалликни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Вирусли гепатитларнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш мақсадида 65 дан зиёд оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ушбу касалликни аниқлаш учун бепул скрининг ташкил этилди.

2023 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, республика ҳудудларида 338 минг 285 нафар шартли соғлом шахслар ВГСга ва 338 минг 285 нафар аҳоли ВГВга текширилди. Улардан 6 минг 230 нафарида сурункали вирусли гепатит С ва 8066 нафарида вирусли гепатит В аниқланди.

Скрининг текширувларида вирусли гепатитнинг С тури тасдиқланган 6 минг 230 нафар беморларни даволаш ишларини ўтказиш мақсадида вирусга қарши дори воситаларининг софосбувир ва даклатосвир каби дорилари тарқатилди.

Миср Араб Республикасидан беғараз ёрдам сифатида 800 минг қадоқ даклотасвир ва софосбувир дори воситалари (умумий қиймати 4,8 миллион АҚШ доллари) бир неча қисмларга бўлиб юборилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунда Миср Араб Республикасидан беғараз ёрдам сифатида юборилган гепатит Сга қарши 60 000 қадоқ даклатасвир ва 7 000 қадоқ софосбувир дори воситалари республикада скрининг текширувида вирусли гепатит С тури аниқланган беморларга бепул тарқатилмоқда.

Шунингдек, касаллик юқиши хавфи юқори бўлган шахсларни, шу жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишловчи жами 119 013 минг нафар тиббиёт ходимлари гепатит “В” инфекциясига қарши эмланган. Вакциналар, тест-тўпламлари ва вирусга қарши дори воситаларининг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги назорати такомиллаштирилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА