Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги халқаро сертификатга эга давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул ходимларига ўрнатилган устамаларга қўшимча равишда лавозим маошига нисбатан 20 фоиз миқдорда устама тўланади.
Бунда халқаро сертификат рўйхати Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан шакллантирилади ва унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Рақамли технологиялар вазирлигининг ахборот технологиялари ҳамда рақамли хизматлар жорий этилиши ҳолатини баҳолаш рейтинги билан қамраб олинмаган давлат органлари раҳбарларининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарларига ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 30 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланади.
2023 йил 1 декабрга қадар фуқаролар рақамли хизматлардан мустақил равишда фойдаланишлари учун имконият яратиш мақсадида давлат хизматлари марказларида биринчи босқичда 14 та «Рақамли хизмат нуқта»лари ташкил этилади.
2024 йил 1 январга қадар рақамли хизмат ва сервислар, электрон тўловлар, медиа ресурслар имкониятини бирлаштиришни назарда тутувчи Ягона портал орқали хизматларни тақдим этишнинг янги дастурий таъминот шакли жорий қилинади.
Гулноза Бобоева, ЎзА