Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан Польшанинг Великопольск воеводасида жойлашган Конин шаҳрида “Ўзбекистон кунлари” ташкил этилди.

Тадбир Янги Ўзбекистон тараққиётининг уч асосий йўналиши – мамлакатдаги сиёсий ўзгаришлар, иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар ва туризм соҳасини ривожлантиришга бағишланди.

Польшанинг 16 минтақасидан бири, мамлакат марказий қисмида жойлашган Великопольск воеводаси 31 шаҳар ва 226 коммунадан иборат. Ҳудуди жиҳатидан мамлакатда иккинчи, аҳоли сони бўйича учинчи ўринда туради. 3,5 миллион киши истиқомат қиладиган музофотнинг 2022 йилдаги ялпи ички маҳсулоти 57,7 миллиард долларни ташкил этган. Бу Польша ЯИМнинг 9,5 фоизи. Воеводада машинасозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқлар равнақ топган.

Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоев учрашув қатнашчиларига юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, давлат ва жамият қурилишини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, инсон ҳуқуқи ва гендер тенгликни таъминлаш, тадбиркорлик учун шарт-шароит яратиш, хорижий инвесторларнинг маҳаллий бозорга киришига тўсқинлик қилаётган эски тўсиқларни олиб ташлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Конституция ислоҳоти Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари дастурида энг муҳим қадам бўлгани – Асосий қонун нормаларининг 60 фоиздан ортиғи янгилангани, давлатнинг ижтимоий функцияси мустаҳкамлангани, Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат сифатида эълон қилингани алоҳида урғуланди.

Воевода мэри Марек Возняк ҳам сўнгги йиллар мамлакатимизда рўй берган муҳим ўзгаришларга юқори баҳо берди, жаҳон миқёсида, жумладан, Польшада ҳам глобал ва халқаро муаммоларни ҳал этиш бўйича ишончли ҳамкор, ташаббускор сифатида Ўзбекистоннинг нуфузи изчил юксалиб бораётганини таъкидлади.

“Ўзбекистон кунлари” доирасида ташкил этилган Великопольск минтақаси ишбилармон доира вакиллари билан учрашувда иштирокчиларга туб, тизимли ва изчил ислоҳотлар даврини бошидан кечираётган республикамиз иқтисодиёти, давлат институтлари тизимидаги ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди.

Ҳар икки томон ишбилармон доира вакиллари қурилиш материаллари ва қуёш панеллари ишлаб чиқариш, йўл қурилиши, қишлоқ хўжалигида янги технологиялар трансфери, парранда гўштини саноат усулида ишлаб чиқариш, мевали экин ва резавор мева етиштириш каби қатор йўналишларда ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирди.

Мезбонлар жорий йил кузда Тошкентда “Ўзбекистон – Польша” ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган бизнес форумига таклиф қилинди.

Воеводанинг асосий сайёҳлик идорасида диёримиз туризм салоҳияти тақдим этилди. Мамлакатимизда сайёҳликка миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоғи мақоми берилгани қайд этилди.

Тадбирда давлатимиз раҳбарининг сайёҳлик соҳасини ривожлантириш, соҳа инфратузилмаси ва меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш борасидаги янги ташаббуслари ҳақида маълумот берилди. Сайёҳлик тизими давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, глобаллашув шароитида туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, соҳани бошқариш бўйича устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

 

ЎзА