Яқинда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарияти хизмат сафари билан Озарбайжон Республикасида бўлди.

Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ташриф чоғида делегация “AzerEnergy” ОАЖнинг электр станциялари, подстанциялари, лаборатория, ўқув маркази ва рақамли бошқарув марказида бўлиб, қатор учрашувларда иштирок этди.

Унда томонлар икки мамлакат энергетика тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида сўз юритди.

Шунингдек, мезбон томони Ўзбекистон делегациясига электр станциялари, подстанциялар, рақамли бошқарув тизими ва “AzerEnergy” ОАЖнинг янги SCADA тизими, ушбу тизимларни қўллаш учун зарур бўлган муҳим омиллар, дастурий таъминот, автоматлаштириш ва бошқа соҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Ташриф якунида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ва “AzerEnergy” ОАЖ ўртасида меморандум имзоланди.

Унга асосан Озарбайжон энергетика тизими тажрибасидан фойдаланилади ва икки давлат ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади.

 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади.  

ЎзА