Прокуратура органлари тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Тадбиркорларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, ноқонуний текшириш ўтказиш ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишдаги қонунбузилиши ҳолатларининг олдини олиш борасида назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизматидан маълум қилишларича, жорий йил биринчи ярмида ўтказилган назорат тадбирлари давомида тадбиркорлар манфаатига зид иш тутган 1 минг 984 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. 927 ноқонуний ҳужжатга протест келтирилди. 19 минг 316 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Прокурорлар томонидан 17 мингдан ортиқ тадбиркорга кредит ва лицензия ҳужжатларини расмийлаштиришда, ер майдони ва бино ажратилишида, муҳандислик тармоқларига уланишида амалий ёрдам кўрсатилди.
Ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида 4 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 3 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тикланди.
Ўтказилган таҳлилларга кўра, тадбиркорлик субъектларига нисбатан суд қарорларига асосан қонунга зид равишда солиқ ундириш ҳолатлари кузатилмоқда. Прокуратура органлари бундай ҳолатларга ҳам чек қўймоқда.
Шундай ҳолатлардан бири “Э.Б.Р.” масъулияти чекланган жамиятига нисбатан йўл қўйилгани аниқланган. Хусусан, мазкур жамият фуқаролик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда ресторан биноси бўйича тузилган 30.12.2019 йилдаги ҳамда 06.11.2020 йилдаги олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
“Х.С. ва И.Ч.” масъулияти чекланган жамияти раҳбари С.М. ва фуқаро А.М. эса ресторан биносини таъмирлаш учун сарфланган харажатларни ундириш ҳақида судга қарши даъво ариза тақдим этган.
Биринчи инстанция суди ресторан биносининг олди-сотди шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан биргаликда қарши даъвогарларнинг фойдасига бинони таъмирлаш учун сарфланган 245,7 миллион сўм ундириш ҳақида хулосага келган.
Апелляция инстанцияси суди ресторан биносини таъмирлашга сарфланган харажатларни (экспертиза хулосасига асосланган ҳолда) 270,3 миллион сўм деб белгилаган.
Кассация инстанцияси апелляция инстанциясининг хулосаси билан қисман келишиб, таъмирлашга сарфланган 270,3 миллион сўм харажатларга унинг 15 фоизлик қўшилган қиймат солиғини, яъни 40,5 миллион сўмни қўшиб ҳисоблаб, жами 310,8 миллион сўм ундириш ҳақида тўхтамга келган.
Ушбу ҳолат бўйича “Э.Б.Р” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Қ.нинг мурожаати Бош прокуратура томонидан ўрганилди. Ишни кассация тартибида такроран кўриш ҳақидаги ўз вақтида келтирилган протест асосида иш Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилди. Суд қарорлари бекор қилинди ва жамиятнинг ҳуқуқлари бузилишининг олди олинди.
Хулоса шуки, жамият манфаатига зид равишда солиқ ҳисобланган ҳамда ундирилиши белгиланган суд қарори ўз вақтида бекор қилинди ва адолат қарор топди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА