Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланган.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилган аниқ манзиллар, индивидуал тартибда ҳар бир дастурий-техник воситаси қайд этадиган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши тури тўғрисидаги маълумотлар ҳам очиқ эълон қилиниши белгиланган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан мазкур маълумотларни очиқлаш ҳолати бўйича мунтазам мониторинг олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги томонидан жорий йил 25 июль  ҳолатига Республика ҳудудида ишга туширилган онлайн режимида ишловчи фоторадарлар ва интеллектуал режимида ишловчи камералар тўғрисида эълон қилинган маълумот  Агентлик томонидан таҳлил қилинди.

Маълум бўлишича, бугунги кунда республика бўйича онлайн режимда ишловчи 746 фоторадар ва интеллектуал режимида ишловчи камералар ишга туширилган.

Уларнинг 23 таси йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилувчи, 723 таси рухсат этилган ҳаракатланиш тезлигига ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилишга мўлжалланган стационар радарларни ташкил этади.

Хўш, бу фоторадар ва интеллектуал режимида ишловчи камералар қаерларда ўрнатилган? Буни ушбу ҳавола орқали билиб олишингиз мумкин.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш керакки, тизимда очиқликка тўлиқ риоя этилмоқда.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА