Бугун, 9 июль куннинг биринчи ярмида Марказий сайлов комиссиясида муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатиб бориш мақсадида мамлакатимизга халқаро ташкилотлардан ва хорижий давлатлардан ташриф буюрган кузатувчилар билан учрашувлар ўтказилди.

Улар қаторида Халқаро Парламентарийлар Конгресси Бош котиби Ситара Аяз ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакили Адаму Бубакар бошчиликларидаги миссиялар, Ҳиндистон сайлов комиссияси сайлов комиссари Пандей Ануп Чандра, Тожикистон Республикаси МСК раиси Б.Худоёрзода, Озарбайжон МСК раиси М.Панаханов, Грузия МСК раиси Г.Каландарашвили раҳбарлигида делегациялар ташриф буюрди.

Учрашувда муддатидан илгари ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш қонунчилик талаблари ва демократик принципларга мувофиқ амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Кузатувчилар томонидан сайловчиларнинг сайловга оид ахборотлар билан юқори савияда таъминлангани, бир қатор сайлов участкаларида биометрик-идентификация қурилмаларидан тажриба синов тариқасида фойдаланиш йўлга қўйилгани алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, кузатувчилар сайлов жараёнларига Марказий сайлов комиссияси томонидан юқори савияда тайёргарлик кўрилгани, сайлов комиссиялари ўз фаолиятини сайлов қонунчилигига кўра амалга ошираётганини алоҳида эътироф этишди. Сайлов кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтаётганини, сайловчиларнинг иштироки фаол эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Таъкидлаш жоиз, халқаро ташкилотлардан ва хорижий мамлакатлардан ташриф буюрувчи кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боради. Халқаро ва хорижий кузатувчилар Ўзбекистонга ташрифи мобайнида сайлов участкаларида бўлиб, кузатувлари юзасидан тегишли хулосалар ва тавсияларини беради.

ЎзА