Бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири Ш.Кудбиевга Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилган эди. Бугун парламент қуйи палатасининг мажлисида депутатлар вазирнинг ушбу парламент сўровига жавобини муҳокама қилди.
Тақдим этилган жавобда қайд этилганидек, 2022 йил ҳамда 2023 йилнинг I чораги давомида давлат харидларини янада такомиллаштириш юзасидан вазирлик томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, Давлат харидларига оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида 2022 йилда бир қатор норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинган.
Давлат харидлари жараёнларини рақамлаштириш борасида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер харид қилиш тартиб-таомиллари мажбурий тартибда тўлиқ электрон шаклда ўтказиш амалиёти жорий этилган. Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси билан электрон маълумотлар алмашинувини таъминлаш орқали тугатилган, тугатилиш арафасида бўлган, солиқлардан муддати ўтган қарздорликлари бўлганларни давлат харидларидаги иштироки чекланган. Давлат харидлари соҳасида харид қилиш ва коррупцияга қарши курашиш стандартлари бўйича стандартлаштириш тизимини жориш этишга доир таклифлар ишлаб чиқилган.
Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ташаббусли бюджет жараёнини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ вазирлик томонидан Ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларини янада такомиллаштириш, жойларда кузатилаётган айрим камчиликларни бартараф этиш ҳамда ушбу жараёнларнинг янада шаффоф ва ҳаққоний ташкил этилишини таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Унга мувофиқ, ташаббусли бюджет жараёнини жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилиш ва фуқаролардан келиб тушган таклифлар асосида амалдаги механизмга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Мажлисда депутатлар парламент сўровига жавобда кўтарилган масалалар бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этилганини эътироф этдилар ва вазирнинг жавобини маълумот учун қабул қилдилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА