Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаев Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, партия фаоллари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ишончли вакил Лейли Сейтова иштирокчиларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Сўнгра, номзод Абдушукур Ҳамзаев ўзининг “Яшил тараққиёт учун!” шиори остидаги сайловолди дастуридаги муҳим йўналишлар бўйича маълумот бериб ўтди.

Таъкидланганидек, сайловолди дастурида асосан экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали аҳолимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш каби вазифалар қамраб олинган.

Жумладан, дастурда экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган “яшил” сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган “Яшил энергетика стратегияси”ни ишлаб чиқиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим таклиф ҳамда ташаббуслар ўрин олган.

Номзоднинг сайловолди дастурида Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли яшаш пунктлари атрофида “яшил белбоғлар” барпо этиш ишларини жадаллаштириш кўзда тутилган. Халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар (Рамсар конвенцияси) рўйхатига киритилган Айдар-Арнасой кўллар тизими, “Денгизкўл”, “Қуйимозор”, “Тўдакўл”, “Судочье-Акпетки” сув омборлари экотизимларини муҳофаза қилиш, ҳудудларда иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнларни кузатиш мақсадида замонавий илмий станциялар ташкил этиш каби муҳим ташаббуслар илгари сурилган.

Қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида экологик қонунчиликни кодификация қилиш орқали Экология, Сув ва Ўрмон кодексларини қабул қилиш, “Чиқиндилар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунни ҳамда “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш тўғрисида”ги дастурни қабул қилиш, барча тизимдаги давлат идоралари фаолиятида, давлат харидларида очиқлик ва шаффофликни кенгайтириш чораларини кучайтириш, маъмурий органлар томонидан жарима қўллашни қисқартириб, судларга кенгроқ ваколат бериш борасидаги таклифлар алоҳида эътироф этилди.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Абдушукур Ҳамзаев номзодини қўллаб-қувватлашни таъкидлади.

–Номзод ўзининг сайловолди дастуридаги бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири – мамлакатимизнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида тўхталди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар Кенгаши раиси Арухан Исмайлова, – Жумладан, ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этишга доир стратегия ва дастурларни амалга ошириш учун давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб этилиши қайд этилди.

Тадбир якунида Президентликка номзод учрашув иштирокчиларининг саволларига жавоб берди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА