Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал – демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ишончли вакили Байрамбай Отемуратов тахиатошлик сайловчилар билан учрашди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳудуд фаоллари, туман Кенгаши депутатлари, фаол хотин-қизлар ва ёшлар  ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Учрашувда ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг меҳнат фаолияти, сайловолди дастури,  ундан ўрин олган бешта устувор мақсадни қамраб олган асосий йўналишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Таъкидланишича, дастурдаги учинчи мақсадга сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш  борасидаги режа-мақсадлар киритилган.  Янги таҳрирдаги Конституциямизда  давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни   сақлаш   бўйича   чора-тадбирларни амалга ошириши белгиланган. Шу сабабли, учинчи мақсадда табиатимизни асраб-авайлаб, келажак авлодларга безавол етказиш бўйича самарали чоралар баён қилинган.

Ишончли вакил сайловчилар олдида Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан ўрин олган бешта устувор мақсадни ўзида мужассам этган халқчил ғоя, мақсад ва вазифалар мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишига алоҳида  урғу берди.

Учрашувда сўзга чиққанлар сайловчиларни Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чорлади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири