АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси, Республикачи депутат Лорен Боберт Конгрессда давлат чегарасини ҳимоя қилиш бўйича расмий вазифасини бажара олмагани учун Президент Жо Байденга импичмент эълон қилиш масаласини кўтарди.

Депутат ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзган: Байден жанубий сарҳадимизни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий бурчини тўлиқ бажара олмаяпти. Шу сабабли мен Конгрессга уни лавозимидан четлатиш учун импичмент эълон қилиш бўйича талаб киритдим.

Аввалроқ “Fox News” телеканалига берган интервьюсида у Республикачилар партияси аъзоларини Байденни имкон қадар тезроқ истеъфога юборишга даъват қилган эди.

“Байденнинг президентлик мажбуриятини содиқлик билан бажариш ҳақидаги конституциявий қасамёди бузилаётганини инобатга олиб ҳамда Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этганимиз учун биз ташаббускор бўлишимиз керак, бу бизнинг бурчимиз”, деган эди у.

Май ойи охирида Вакиллар палатасининг яна бир аъзоси Маржори Тейлор Грин ҳам импичмент масаласини кўтариб чиққан.

ЎзА