Ўмон Султонлиги Спорт таъминоти ва ривожлантириш бўйича бош директори Хишам Ал-Синани, мамлакат оғир атлетика қўмитаси раиси Аидх Ал-Мадхари бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди.
Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов меҳмонларни ўзбек спортининг шонли тарихи, мамлакатимизда олимпизм ҳаракати ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришга қаратилаётган эътибор, юртимизда спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш борасида сўзлаб берди.
Ўмонлик мутасаддиларда Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази катта қизиқиш уйғотди. Ташкилот фаолияти билан яқиндан танишиб, атлетлар учун марказлашган тизимда хизмат кўрсатувчи бундай муассаса борлиги профессионал спортда катта натижаларга эришишда муҳим омил эканлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида оғир атлетика бўйича Ўмон терма жамоаси йирик мусобақаларга тайёргарлик кўришда ҳамюртларимиз билан бирга қўшма ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, бошқа спорт турларида ҳам бундай ҳамкорликни йўлга қўйиш, замонавий спорт ютуқлари бўйича тажриба алмашиш каби мавзулар хусусида фикрлар билдирилди.
Т. Рўзиев, ЎзА