Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
– Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди Спикер ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Хайрулло Ғаффоров. — Бугунги кунда Президентимиз томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор солиқ имтиёзлари белгиланмоқда. Хусусан, юридик шахслар умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари орқали электр энергиясини ишлаб чиқариб умумий тармоққа сотганда фойда солиғи ҳамда улар бўйича мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод этилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, уй-жойда умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланувчи жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод этилиши белгиланяпти.
Муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳасининг долзарблигини алоҳида эътироф этди.
– Энергетика соҳаси барча соҳалар билан боғлиқ, аҳолини қизиқтириб, ўйлантириб турган масаладир, — деди депутат Умиджон Жабборов. — Бу борада Президентимиз томонидан ҳам бир неча бор селектор йиғилишлари ўтказилиб, вазифалар белгилаб берилган эди. Ўтган йилги блэкаут ҳаммамизни ҳушёр торттирди. Ушбу қонун лойиҳаси шу нуқтаи назардан ҳам муҳим. Ҳар бир соҳага илм билан ёндашиш керак. Энергияни тежаш, унинг самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш борасида бу жуда муҳим. Қонуннинг аҳамияти, долзарблигини инобатга олган ҳолда уни тезроқ қабул қилиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигини бартараф этиш, инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмларини белгилаш имконини беришини таъкидлади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА