Украина қўшинлари Россия ичида янги кутилмаган ҳужумни бошлаб, Курскнинг шимол ҳамда шарқ томонида ўз кучларини кенгайтирди. Ушбу ҳафта Киевнинг қарши ҳужумига беш ойдан ошди.
Юқоридан олинган тасвирларда Украина кучларининг Суджадаги базасидан Бердин томон ҳаракатланаётгани, далаларни эгаллаб олгани ва якшанба куни аҳоли пунктига киргани акс этган.
Душанбага келиб, Украина кучлари қўшимча учта аҳоли пунктларини ҳам эгаллаб олишди. Улар Суджа ва вилоят маркази Курск ўртасидаги асосий йўлда жойлашган.
Россиялик ҳарбий блогерларнинг айтишича, Украина кучлари Мартйновка, Черкасское Поречное ва Михайловка аҳоли пунктларини ҳам қўлга киритган.
Маълумотларга кўра, Украина кучлари Россия қўшинларини блокировка қилиш учун ҲИМАРС тизимларидан фойдаланган. Россиялик мухбирнинг ёзишича Украина Русларнинг тегишли захираларини, артиллерия ва дрон операторларини йўқ қилишга ҳаракат қилмоқда. Портлашлар Украина назоратидаги ҳудудлардан 70 км узоқликда жойлашган Курскдаги авиация техник базасида содир бўлган. Курск ҳарбий операциялари штаб-квартираси бир нечта Украина ракеталарини уриб туширганини даъво қилган.
Ракеталардан ташқари, Украина Россиянинг энергетика активларига ҳужум қилиш учун ўзининг узоқ масофали учувчисиз самолётларидан фойдаланган. Шанба куни Украина учувчисиз учоғи Ленинград яқинидаги Усть-Луга портида газ конденсатини ташиш терминалига урилган ва катта ёнғинга сабаб бўлган.
“Руслар ўзларининг кучли бўлинмаларини Курск вилоятига жойлаштирди. У ерда Шимолий Кореядан келган аскарлар ҳам бор. Муҳими шундаки, душман кучлари ҳозирда қўшинларнинг барчасини бошқа йўналишларга, хусусан, Донецк, Суми, Харков ёки Запорожье вилоятларига йўналтира олмайди”, – деган Украина президенти Владимир Зеленский. Унинг қўшимча қилишича, Курск операциясида руслар 38 мингдан ортиқ аскарини, жумладан, 15 мингга яқин қоплаб бўлмайдиган йўқотишларга учраган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби Курскда йўқ қилинган Россия техникаларини, жумладан, 104 та танк, 575 та зирҳли жанговар машина, 1000 дан ортиқ бошқа техника ва 330 та артиллерия тизими рўйхатини эълон қилди. Украина шунингдек, Курскда 860 нафар русни асирга олиб, улардан ўз асирлари билан алмашиш учун фойдаланганини айтди.
Украина Мудофаа вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил давомида Киев томони Россиянинг 3689 та танкини, 8956 та зирҳли жанговар техникасини ва 13000 дан ортиқ артиллериясини йўқ қилган. Украина ҳарбий-денгиз кучлари бешта кема ва 458 та кичик кемани чўктирганини маълум қилди.
Лондонда жойлашган Халқаро Стратегик Тадқиқотлар Институти бир йил аввал Россияда икки-уч йиллик қурол-аслаҳа қолганини тахмин қилган эди. Ўтган ҳафта давомида Россиянинг Украина позицияларига давом этган ҳужумлари Россия қурол-яроғлари ҳақида ҳам саволлар туғдирди.
Зеленскийнинг айтишича, Покровск энг қайноқ уруш нуқтаси бўлиб турибди. Сешанба куни бутун фронт бўйлаб 176 та жанговар тўқнашувдан 41 таси шу ҳудудда бўлган.
Умуман олганда, декабр ойида Украина мудофаа кучлари операторлари душманнинг 54 мингдан ортиқ нишонига зарба беришди. Бу натижанинг деярли ярми 49 фоизи камикадзе дронлари томонидан амалга оширилган.
Уруш қачон тугайди?
Украина Президенти Владимир Зеленский америкалик машҳур журналист Лекс Фридманга берган интервюсида “Мамлакат Луганск, Донецк, Запорожье ва Херсон вилоятлари, шунингдек Қримдан НАТОга аъзо бўлиш таклифи эвазига воз кечишга рози бўладими?” деган саволга жавоб берди. Ушбу видео суҳбат америкалик журналистнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган.
Украина нашри ёзишича, давлат раҳбари Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни тарк этиш эвазига НАТОга қўшилиш масаласи кўриб чиқилишини қайд этган. Муайян шартлар бажарилган тақдирдагина мамлакат бунга рози бўлади.
– Қонунан, мамлакат НАТОга таклиф қилинган, бошқа барча ҳудудларимиз назорат остида, ҳарбий тузилма Украинага қарашли қисмда ҳаракатланиши мумкин, – деган Президент. Украина урушни тўхтатишнинг дипломатик йўлини кўрсагина, воқеалар шундай ривожланади.
«Украина учун Россия билан ҳар қандай музокаралар бошланишидан олдин АҚШ ва Ғарб давлатларидан жиддий хавфсизлик кафолатларини олиш муҳим», — дея таъкидлади Зеленский.
Украина етакчиси, шунингдек, Вашингтон Москвага босим ўтказишда давом этиши зарурлигини қайд этди.
«Бизнинг асосий мақсадимиз жорий йилда хавфсизлик кафолатларини олиш ва урушни тугатиш. Бунинг учун бор имкониятимизни ишга соламиз», – деб қўшимча қилди Зеленский.
Агар Россия Украина устидан ғалаба қилса, Пентагон 2029 йилгача харажатини 800 миллиард доллардан ҳам оширишга мажбур қилади, деб ёзди “Bloomberg” Америка тадбиркорлик институти ҳисоботига таяниб.
Ҳужжатда ушбу чора “Россиянинг Украинадан ташқаридаги ҳужумларини ушлаб туриш ва қайтариш зарурати билан асосланган.
– Бизнинг хулосамиз шуки, Киевни қўллаб-қувватлаш Американинг энг қулай молиявий манфаатига тўғри келади, – дейилган ҳисоботда. Мутахассислар фикрича, қисқа муддатли кўмак миқдори РФ ғалабасидан кейинги узоқ муддатли харажатдан анча кам.
Пентагон Президент Жо Байден даврида Украинага етказилган ҳарбий ёрдам қиймати 66,5 миллиард доллардан ошганини маълум қилди.
Аввалроқ ташкилотнинг юқори мартабали мулозимларидан бири журналистларга маъмурият Киевга 2 миллиард доллардан кўп йўналтиришга улгурмаслиги, кўмак кейинги Президент – Дональд Трамп даврида давом эттирилиши кутилаётганини айтган.
Матбуот котибининг айтишича, Қўшма Штатлар Украинани қўллаш мақсадида, жумладан, байрам ва дам олиш кунлари кеча-ю кундуз ишламоқда.
Сўнгги кунларда Трамп ва Путин ҳеч қандай шартларсиз учрашиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. “Тайёргарлик кўряпмиз. Президент Путин учрашув ўтказишни хоҳлайди, у буни очиқчасига ҳам айтди. Биз урушни тугатишимиз керак”, – деди Трамп. Кремл эса Путин ва Трамп ўртасидаги учрашувни ташкил этиш бўйича ҳеч қандай аниқлик йўқлигини, фақатгина Трамп лавозимга киришганидан сўнг содир бўлиши мумкинлигини маълум қилган.
“Биз жаноб Трамп ҳам муаммоларни мулоқот йўли билан ҳал қилишга тайёрлигинини кўрмоқдамиз. Москва буни қўллаб-қувватлайди”, – деган Песков.
Ғазо уруши
“Инаугурацияга қадар ҲАМАС гаровдагиларни озод қилмаса, Яқин Шарқ жаҳаннамга айланиши мумкин”, – деяпти Трамп.
Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатишга келишиш бўйича музокарада иштирок этади.
Сайланган Президент маъмурияти можарони ҳал қилишда олдинга силжиш ниятини билдирди ва 20 январга мўлжалланган Доналд Трампнинг инаугурациясига қадар ҲАМАС гаровдагиларни озод қилмаса, Яқин Шарқ “жаҳаннамга” айланиши билан таҳдид қилди.
– Агар гаровга олинганлар мен лавозимга киришгунимча қайтарилмаса, Яқин Шарқда жаҳаннам пайдо бўлади ва бу ҲАМАС учун ҳам, бошқалар учун ҳам яхши бўлмайди, – деди Трамп.
Қайд этилишича, Ғазода гаровга олинган 100 кишининг 7 нафари америкалик. Исроил разведкаси маълумотига кўра, ушлаб турилганларнинг ярмига яқини, жумладан уч америкалик тирик.
Агар келишувга эришилса, сулҳнинг биринчи босқичи 33 нафар маҳбусни озод қилиш ва Ғазода 6-7 ҳафта давомида ўт очишни тўхтатиш, шунингдек юзлаб фаластинликларни озод этишни назарда тутади.
2024 йил декабр ойининг сўнгги ҳафтасида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сўнгги билвосита музокара муваффақият келтирмади. Қўшма Штатлар, Миср ва Қатар воситачилари эришган муайян ютуқлар келишувга эришиш учун етарли бўлмади.
ҲАМАСнинг Ливандаги матбуот котиби Аҳмад Абдул Ҳоди душанба куни «Аль-Маядин» телеканалига «Нетаняҳу қарор қабул қилади, ҳар қандай келишув Ғазодаги урушни тўхтатиш ва Исроил қўшинини тўлиқ олиб чиқиб кетишни кўзлайди, ҳаракатнинг позицияси шундай», – дея таъкидлади.
Ҳафта охирида Қатар пойтахтида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича билвосита музокаранинг янги давраси қайта иш бошлади, деб хабар берди «Казинформ» агентлиги.
ХАМАСнинг юқори мартабали расмийси Басим Наим матбуот анжуманида гуруҳнинг тезроқ келишувга эришиш нияти жиддийлигини маълум қилди. Бу жараёнда асосий мақсад доимий равишда ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинлари олиб чиқилишига эришишдан иборат.
Жанубий Кореянинг ракета синовлари
Бир ҳафтанинг ичида Корея Халқ Демократик Республикаси япон денгизи томон баллистик ракета учирди, деб ёзган «Yonhap» ахборот агентлиги.
Жанубий Корея Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси маълумотига кўра, синов Пхенянда амалга оширилган. Корея Республикаси ҳарбийлари қурилма ўрта масофага мўлжалланган, деб ҳисоблаяпти.
Ракета тахминан 1100 километр масофани босиб ўтиб, сувга қулаган. Воқеа муносабати билан Сеул томони қўшинларнинг жанговар тайёргарлик даражасини оширган.
Шунингдек, ҳафта бошида Шимолий Корея навбатдаги гипер товушли баллистик ракетасини учирди, синовни мамлакат раҳбари Ким Чен Ин кузатиб борган.
Пхеньян яқинидаги махсус майдондан шимоли-шарққа томон учирилган силжиш каллаги товуш тезлигидан 12 марта тез ҳаракатланди. Мўлжалланган траектория бўйлаб учиш давомида “дастлабки энг юқори баландлик 99,8, иккинчи максимал кўтарилиш эса 42,5 километрни ташкил этди. Бундай салоҳият учиш жойидан 1500 километр масофада, очиқ сувдаги ҳудудга аниқ зарба бериш имконини беради.
Агентлик таъкидлаганидек, бундай турдаги қурол назарий жиҳатдан Пхеняндан тахминан 3400 километрда жойлашган Гуамдаги АҚШ ҳарбий базасига зарба беришга қодир.
Ким Чен Ин КХДРнинг энг янги гипер товушли баллистик ракетаси ҳар қандай ракетага қарши мудофаа тизимини ёриб ўтишга қодирлигини айтди.
Калифорния олов ичида
АҚШ Калифорния штатида тез тарқалаётган ўрмон ёнғини сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Лос-Анжелес ўт ўчириш бошқармаси маълумотига кўра, 10 мингдан ортиқ хонадон хавф остида қолган.
Лос-Анжелесдаги ёнғинларнинг учинчи тўлқини West Hillsда содир бўлди. Расмийлар ёнғинларни назорат остига олишга уринмоқда. Лос-Анжелес ҳудудидаги иккита ўрмон ёнғинлари 10 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлди.
Пайшанба куни тушдан кейин Сан-Фернандо водийсидаги Wест Ҳиллс маҳалласида сўнгги ёнғин кузатилди чунки ўт ўчирувчилар бошқа ёнғинларни бартараф этиш билан банд эди. Давлат ўрмон ёнғинлари агентлиги маълумотларига кўра, иккита ёнғиннинг ўзи 12 минг гектардан ортиқ ерни кул қилган. Маълумотларга кўра, 180 мингга яқин одам ёнғин сабабли эвакуация қилиш бўйича буйруққа эга, яна 200 минг аҳоли эвакуация ҳақида огоҳлантирилган.
Американинг «JPMorgan Chase» банки «Financial Times» орқали мижозларга йўллаган мактубида Калифорнияда давом этаётган ёнғиндан кўрилган зарар қарийб 50 миллиард долларга етишини тахмин қилди.
Сардорбек Поёнов, Дониёр Ёқубов, Искандар Исматов (видео), ЎзА.