Пойтахтимизда хоккей бўйича Қозоғистон мунтазам чемпионатидан ўрин олган «Ҳумо» ва «Кулагер» жамоалари ўртасидаги иккинчи ўйин бўлиб ўтди.

Учрашувда «Ҳумо» бу сафар ҳам камбэк эвазига ғалабани ўз томонига оғдириб олди.

Биринчи бўлиб ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборган мезбонлар учинчи бўлим якунига қадар ҳисобни 3:1 кўринишига олиб келди. Ушбу учта голга Андрей Павленко муаллифлик қилди.

Ғалабадан сўнг «қанотлилар»нинг очколари 45 тага етди ва жамоа чемпионатнинг учинчи ўрнидан жой олган ҳолда «Ҳумо» муддатидан олдин плей-офф йўлланмасини қўлга киритди.

Энди «Ҳумо» 17-18 январь кунлари Руднийнинг «Горняк», 21-22 январь кунлари эса «Актобе» жамоасига қарши сафарда музга чиқса, мавсумнинг сўнгги 4 та ўйини пойтахтимизда бўлиб ўтади.

Унда жамоамиз 26-27 январь кунлари «Арлан», 31 январь ва 1 февраль кунлари «Номад» билан ўйнайди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА