Қатар маданият вазири Абдурраҳмон бин Ҳамад бин Жассим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ҳамроҳлигида Самарқанддаги Имом Ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасида бўлди. Хорижлик меҳмон бу ердаги реконструкция ишлари билан яқиндан танишди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қатар маданият вазири Абдурраҳмон бин Ҳамад бин Жассим бин Ҳамад Ол Соний танишув жараёнида бинонинг тарихий аҳамиятини йўқотмаслик, мажмуа таркибидаги буюк аллома музейини янада бойитиш борасида ўз тавсияларини берди.
Шунингдек, хорижлик меҳмон бугун қатарликларни ҳам ахборот технологияларининг жадаллик билан ривожланиши сабаб миллий қадриятларга хуружларнинг ортиши ташвишга солаётгани ва бу борада самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Мулоқот давомида ҳар икки давлат вакиллари бу борада ҳамфикр эканлиги аён бўлди. Таъкидланганидек, қадрият масала ҳар бир халқ учун жиддий ёндашувни талаб қилади.
Н.Усмонова, ЎзА