Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ўтказилган тадбир Ўзбекистонда ривожланиш фаолиятини баҳолаш масалаларига бағишланди.
Тадбирда маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокидаги дастур ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши, уларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётга таъсирини баҳолаш тизимини йўлга қўйиш ва такомиллаштириш, ОТБнинг Мустақил баҳолаш бўлими фаолияти, баҳолашга оид маълумотлардан фойдаланишда таҳлил марказларининг роли каби масалаларда сўз юритилди.
Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Музаффар Каримов мавзу доирасида ўз фикрини билдирар экан, ОТБ кўмагида экспертлар жамоаси томонидан тайёрланган “Давлат маблағлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини баҳолаш бўйича қўлланма”нинг маҳмун-моҳиятига эътибор қаратди.
– Инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини оширишда иштирок этган мутахассислар ва органларнинг давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун тақдим этилаётган лойиҳа таклифларини таҳлил қилиш ва баҳолаш хусусиятлари бўйича билимларини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Бунда нафақат давлат хизматчилари учун ўқув тренинглари ва семинарлар ўтказиш, балки уларга билимларини мустақил равишда ошириш, зарур бўлган уларни янгилаш воситасини тақдим этиш зарурати туғилади. Ушбу эҳтиёжни қондириш учун Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан давлат маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини баҳолаш бўйича ушбу қўлланма тайёрланди. Қўлланма марказлашган молиялаштириш манбалари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ва самарадорлик кўрсаткичларини таҳлил қилиш учун умумий талабларни белгилайди. Ушбу қўлланмадан фойдаланиш инвестиция лойиҳаларининг барча босқичларида кўрсаткичлар ва натижаларини тўғри баҳолаш, шунингдек, уларнинг жозибадорлигини аниқлаш ва устувор инвестиция лойиҳаларини танлаш учун параметрларни уларни амалга оширишнинг мақбул йўллари билан таққослаш имкониятини яратади, – деди М.Каримов.
Маълумки, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг ишончли ҳамкори ҳисобланади. 1966 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ушбу банкка 68 давлат аъзо. У ривожланаётган аъзо мамлакатларга кредитлар ва грантлар ажратади, шунингдек, техник ёрдам кўрсатади.
ОТБнинг Мустақил баҳолаш бўлими ушбу банкнинг ривожланиш бўйича операциялари самарадорлигини баҳолайди, стратегиялари ва операцияларини яхшилаш учун фикр-мулоҳазаларни тақдим этади.
Тадбирда ОТБ Мустақил баҳолаш департаменти бош директори Эммануэль Хименес томонлар ўртасидаги самарали ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнидаги фойдаси ва бунда асосли қарорларни қабул қилиш учун қандай чоралар самара бераётганини аниқлашда баҳолаш муҳим аҳамиятга эга эканига урғу берди.
– Тараққиёт кўп жиҳатдан маҳаллий муҳитга боғлиқ. Шу сабабли, самарали ёрдам чора-тадбирларини ишлаб чиқиш учун маданий ва ижтимоий-сиёсий воқеликни тушуниш зарур. Баҳолаш бизга нима ишлаётгани ва нима ишламаслиги ҳақида ҳамда унинг сабабларини аниқлашда ёрдам беради. Бу вазиятда биз яхшироқ қарорлар қабул қилишимиз ва кўпроқ таъсир қилишимиз мумкин, – деди Эммануэль Хименес.
Тадбир муҳокамасида иштирокчилар давлат маблағлари иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини самарали ташкил этишда баҳолашга оид маълумотлардан фойдаланиш бўйича таҳлил марказлари фаолияти, маҳаллий ва хорижлик экспертлар ўртасидаги ҳамкорлик амалиёт учун муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири