Мамлакатимизда шу йилнинг 9 июль куни муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиниши лозим. Бунинг учун сиёсий партиянинг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни сўраб Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этиши керак.

Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тасдиқланган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Календарь режада белгиланган талабларга ва муддатларга амал қилган ҳолда бугун, 31 май куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига ушбу партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олишни сўраб мурожаат этди ва қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни топширди.

Хусусан, сиёсий партия юқори органининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш тўғрисидаги қарори, мажлис баённомаси, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ўз номзоди овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тақдим этилди.

— Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг куни кеча бўлиб ўтган Съездида муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ЎзЛиДеПнинг иштироки муҳокама қилинди ва сайловда партиядан кўрсатиладиган номзод маъқулланди, — дейди ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Яқубов. — Қонунчилигимизга кўра, бугун Марказий сайлов комиссиясига белгиланган ҳужжатларни тақдим этдик. Таъкидлаш жоизки, ўтган икки ҳафта давомида партиямиз фаоллари республикамизнинг барча ҳудудларида сайловчиларнинг имзосини тўплади. Жами 300 мингга яқин имзолар тўпланди. Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сонининг бир фоизи миқдорида, яъни 227 мингдан ортиқ қисмини МСКга топширдик.

Ҳужжатларни тақдим этган ҳар иккала партия вакилларига Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома берилди.

Муҳтарама Комилова, Алмурат Мамадаминов (сурат), ЎзА