Тарихдан маълумки, жамиятда аёлнинг ўрни улуғланиб келинган. Аёлнинг ҳаётда тутган ўрни бугунги кунда янада фаоллашди, десак муболаға бўлмайди. Нукусда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш мақсадида “Аёл – жамият кўзгуси” мавзусида ўтказилган тадбирда ҳам шу ҳақида сўз борди.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглиги ва оила масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, шаҳар ва туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда бир қатор қизиқарли тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, тадбирлар аҳолининг жисмоний маданиятини ошириш мақсадида “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида велоспорт мусобақаси бўлиб ўтди. Унда хотин-қизлар ва уй бекалари иштирок этди. Мусобақа ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида “Миллий либослар – миллат кўзгуси” номли конференция ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган мақсад миллий урф-одат ҳамда қадриятларни келажак авлодга етказиш, замон талаблари билан уйғун миллий либосларни тарғиб этиш, ёш дизайнерларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Тадбирда кийиниш одоби, маданияти, миллий либосларнинг тарихи ва бугунги кундаги уйғунлашуви ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида маърузалар тингланди. Шу билан бирга иштирокчилар Нукус шаҳри “MUINAK-TOUR” масъулияти чекланган жамияти ҳунармандчилик туристик дам олиш мажмуасига бизнес-саёҳат ташкил этилди. “Юртимизнинг лидер тадбиркор аёллари” шиори остида ташкил этилган тадбирда хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик соҳаларини кенгайтириш, янги иш ўринларини ташкил этиш борасида сўз юритилди.

Бугунги кунда аҳолининг, шу жумладан, хотин-қизларнинг қонунларни билиши муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, таълим муассасаларида “Сиз янги қонунни биласизми?” мавзусида викторина ўтказилди. Қорақалпоқ санъат саройида “Миллий либосларда замонавий ва анъанавий қадриятлар уйғунлиги” мавзусидаги либослар намойиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда турли соҳаларда ишлайдиган аёллар, уй бекаларининг жамоат жойлари ва уй ичида кийиладиган либослардан намуналар тақдим этилди.

Санъат усталарининг концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ  

ЎзА