Туркия  Президенти Режеп  Таййип Эрдоған мамлакатда бўлиб ўтган президент сайловининг иккинчи даврасида ғалабага эришгандан кейин “Туркия юз йиллиги” бошланаётгани ҳақида баёнот берди.

28 майда ўтказилган президент сайловининг иккинчи даврасида Эрдоған 52 фоиздан кўпроқ овоз олди, дея маълум қилганди аввалроқ Туркия Олий сайлов комиссияси раиси Ахмет Йенер.

“Туркиянинг буюк ғалабаси… ҳа Туркиянинг юз йиллиги бошланмоқда!” – деб ёзган Эрдоған ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Жорий йилда Туркия Республикасига асос солинганига юз йил тўлади.
Эрдоғанни қатор давлатлар раҳбарлари аллақачон ғалаба билан қутламоқда.

Ўз навбатида, Туркия президентлигига мухолифат партиялардан номзод бўлган Камол Қиличдорўғли эса бу галги овоз бериш жараёни сўнгги йиллардаги энг адолатсиз овоз бериш жараёни бўлганини таъкидлаб, демократия учун курашни давом эттиришга ваъда берди.

“Биз сўнгги йиллардаги энг адолатсиз ўтган сайлов жараёнини бошдан кечирдик”, – дея баёнот берган Қиличдорўғли Анқарада тарафдорлари қаршисида чиқиш қилганида.
У, шунингдек, ўзига босим қилинганини ҳам айтган.