Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотларига 2022 йилда жами 384,5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шундан 68 фоизи оғзаки, 23,8 фоизи электрон ва 8,2 фоизи ёзма мурожаатларни ташкил этади.

Меҳнат соҳасидаги мурожаатларни “бир дарча” тамойили асосида тезкор кўриб чиқиш бўйича тажриба синов тариқасида Меҳнат соҳасидаги мурожаатларни ва низоларни ўрганиш маркази – “Меҳнат-М маркази” ташкил қилингани натижасида 2022 йилда 41 минг 150 та қонун бузилишлар бартараф этилиб, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари тикланган. Шундан 623 нафар ноқонуний ишдан бўшатилган ходим ишга тикланган.

Шу билан бирга, вазирлик тизимида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжуд. Ўтган йилда мурожаатларни кўриб чиқишда камчилик ва қонун бузилишларига йўл қўйган 277 нафар масъул ходимга нисбатан тегишли интизомий чоралар кўрилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани бўйича амалга оширилаётган ишлар” юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ахбороти эшитувида ушбу рақамлар қайд этилди.  Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов  депутатларинг саволларига жавоб қайтарди.

Йиғилишда 2023 йил 1-чоракда мурожаатлар сони кўпайгани айтилди. Жумладан, жорий йилнинг дастлабки уч ойида жами 106 минг 558 та мурожаат тушган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга кўпдир.

Халқ вакиллари эшитув давомида мамлакатимизда ҳар бир соҳа ва йўналишда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ ўрганиш ҳамда улар юзасидан қонуний чоралар кўришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, вазирлик тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини янада яхшилаш, унга масъул бўлган ходимларнинг малакаси ва масъулиятини ошириш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

М.Комилова, ЎзА