Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 9, 10 ва 11 июнь кунлари триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати, Осиё кубоги ва паратриатлон бўйича Осиё чемпионати баҳслари ўтказилади.

Ўзбекистон Триатлон федерацияси, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва паралимпия қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган мусобақага айни пайтда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мусобақа ташкилий қўмитаси аъзолари иштирокида асосий беллашувлар ўтказилиши режалаштирилган “Ипак йўли” халқаро туризм марказида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун, федерация ижрочи директори Руслан Кулиев мусобақаларни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни масъуллар иштирокида муҳокама қилди. Шу пайтгача амалга оширилган ишларга баҳо берилиб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотлар вакилларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Таъкидлаш жоизки, паратриатлон бўйича Осиё чемпионати мамлакатимизда илк марта ташкил этилаётган мусобақа ҳисобланиб, унда дунёнинг турли мамлакатларидан 80 нафар имконияти чекланган спортчи қатнашиши кутилмоқда. Улар 750 метр масофага сузиш, 20 километрлик велопойга ва 5 километр югуриш баҳсларида куч синашади. Триатлон бўйича Осиё кубоги баҳсларида эса дунёнинг энг яхши 50 нафар аёл ва 50 нафар эркак спортчилари иштирок этиши режалаштирилган. Унда элита тоифасидаги спортчилар стандарт/олимпия масофаларида (1500 метр масофага сузиш, 40 километр велосипед пойгаси, 10 километр югуриш) ўзаро баҳслашади. Мусобақа доирасида Марказий Осиё спортчилари (SATA – Central Asia triatlon Association) алоҳида ҳисобда тақдирланади.

Триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати ҳам қизиқарли баҳсларга бой бўлиши кутилмоқда. Унда Элита, U23 ва U15 тоифалари ўртасида стандарт ва супер-спринт масофасида триатлон бўйича миллий ва ўсмирлар терма жамоасига танлов ўтказилади. Шунингдек, 300 нафар ҳаваскор (триатлончи бўлмаган) шахсий ва жамоавий тестларда қатнашади. Ушбу мусобақалар икки масофада, яъни олимпия (1500 метр масофага сузиш, 40 километр велосипед пойгаси, 10 километр югуриш) ва супер-спринт (350 метр масофага сузиш, 13 километр велопойга, 3 километр югуриш) бўйича ташкил этилади. Халқаро мусобақа ўтказиладиган 9, 10, 11 июнь кунлари Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА