“Катта еттилик” етакчилари Хиросимадаги саммит якунланишидан бир кун олдин якуний коммюникени қабул қилишди. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилади.

Иштирокчилар “G7” давлатлари миллий манфаатидан келиб чиқиб, Пекинга муайян хавотирни тўғридан-тўғри билдира олиш учун Хитой билан конструктив ва барқарор муносабат олиб бориш муҳимлигини таъкидладилар.
“Халқаро ҳамжамиятдаги роли ва иқтисодиёти мавқеини ҳисобга олиб, Хитой билан ҳамкорлик қилиш зарур”, дейилади, жумладан, ҳужжатда.
Шу билан бирга етакчилар “Катта еттилик” ўз сиёсати билан “Хитойга зарар етказиш, ХХР иқтисодий ривожига тўсқинлиқ қилишга интилмаслиги”ни қайд этишган.
“G7” давлатлари, шунингдек, Жанубий Хитой ва Шарқий Хитой денгизидаги вазият, ҳудуддаги статус-квони бир томонлама ўзгартиришга уринишдан хавотир билдирдилар. Тайвань бўғозидаги барқарорлик муҳимлигини яна бир бор тасдиқлаб, “Ягона Хитой” сиёсатига содиқ қолишга ваъда беришди.

ЎзА