Куни кеча пойтахтимизда “Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни татбиқ этиш” II Халқаро форуми бўлиб ўтди. ЎзА мухбири мазкур форумда иштирок этган Оксфорднинг “Қашшоқлик ва инсон тараққиёти” ташаббуси асосчиси Жеймс Фостер билан суҳбатлашди.

Ҳозирги вақтдаги иқлим ўзгариши кўп тадқиқотчилар орасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Баъзи тадқиқотчилар иқлим ўзгариши камбағалликни келтириб чиқаради, деган фикрда. Ўзбекистон шароитида иқлим ўзгариши камбағалликни келтириб чиқарадими?

–Иқлим ўзгариши чиндан ҳам муҳим муаммолардан бири. Ўзбекистон шароитида иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли иш олиб бориш керак. Буларнинг иккаласини биргаликда олиб борган ҳолда ечим топиш зарур.  Бу жуда катта машаққат талаб этади.

Аввало, экологик инқирознинг олдини олиш чораларини кўриш зарур. Атроф-муҳит ҳамда атмосферанинг зарарланиши бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлиги учун энг жиддий экологик хавф саналиб, ҳавонинг тозалигига эришиш дунёдаги ўлим ва касалликларнинг олдини олиши мумкин бўлган сабаблардан ҳисобланади. Чунки, ифлосланган ҳаводан нафас олиш юрак-қон томир касалликлари, инсульт, ўпка саратони ва бошқа нафас йўли касалликларига олиб келади. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, шунингдек, иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги ва атроф-муҳит учун ҳам хавф туғдиради. Бу омилларнинг барчаси камбағалликни келтириб чиқаради.

Ривожланган давлатларда иқлимни зарарлайдиган автомобиль ишлаб чиқарилишига чек қўйилмоқда. Масалан, Европа давлатларида автомобилсиз кунлар ташкил қилинади. Қатор ривожланган давлатларда эски автомобиллар бутунлай йўқ қилинмоқда. Унинг ўрнига зарарли тутунни ичида олиб қоладиган фильтрли машиналар, электромобиллардан фойдаланилмоқда.

Мамлакатингизда иқлимга зарар етказадиган машиналар ишлаб чиқариш ва фойдаланишга чек қўйилиши керак. Аслида иқлим ўзгариш муаммолари билан нафақат маълум бир соҳа мутахассислари, балки ҳар бир инсон бу муаммолар устида изланиши ва курашиши зарур.

Камбағалликни қисқартиришнинг асосий ва энг муҳим омилларидан бири бу – таълим. Шундан келиб чиқиб, мамлакатингиз аввало таълимга жиддий эътибор қаратиши керак. Чунки, камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллар сирасига энг аввало саводхонлик даражаси киради. Умуман олганда, таълим, ёш ва касб каби омиллар инсонлар даромадлари табақаланишида асосий сабаб бўлади. Биргина олий таълим олганлик, камбағаллик ва минимал қашшоқликдан сақланишга имкон яратади.

Камбағалликни аниқлашга ёрдам берадиган омил сифатида даромадларнинг шаклланишига эътибор қаратиш муҳим ҳисобланади. Ҳар бир давлат биринчи навбатда муносиб иш ўринларини яратиши ва меҳнатга яраша ҳақ тўлашнинг тизимли механизмини ишлаб чиқиши керак. Бу эса камбағалликни бартараф этишда асосий роль ўйнайди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА