Халқимиз 30 апрель куни референдум орқали Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг ҳуқуқий асоси, тинч ва осуда ҳаётимиз кафолатига хизмат қиладиган янгиланган Конституцияни бежиз қўллаб-қувватламади. Ҳақиқатан ҳам янгиланган Конституция халқ Конституцияси эди. Қарийб бир йил давом этган муҳокамалар жараёнида Ўзбекистоннинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этди. 220 мингдан ортиқ таклифларнинг чорак қисми янги таҳрирдаги Асосий қонун нормаларида акс этди. Қарийб 65 фоизга ўзгарган Конституцияда ҳеч бир соҳа эътибордан четда қолмади. Жумладан, пул-кредит сиёсати ҳам.
Маълумки, ҳар бир мамлакатнинг миллий валютаси ўша давлатнинг суверенитетини белгиловчи муҳим рамзларидан бир ҳисобланади. Бугунги кунда дунёда 200 дан зиёд давлатлар бўлса, уларнинг фақат 160 га яқини миллий валютасига эга, холос. Демак, қолган давлатлар қайсидир жиҳатлари билан тўла мустақил мақомга эга эмас.
Ўзбекистон ҳам ўз валютасига эга давлатлардан бир ҳисобланади. 1994 йилнинг 1 июль куни миллий валютамиз – сўм муомалага киритилди ва мустақил пул-кредит сиёсатини юритиш, иқтисодиётда ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятига эга бўлдик. Иш ҳақи ва барча ижтимоий тўловлар сўмда тўлана бошланди ва шу тариқа давлатимизнинг иқтисодий мустақиллигини таъминловчи мустақил пул-кредит сиёсати шакллантирилди.
Аммо шу йилнинг 1 май кунигача амалда бўлган Конституциямизда миллий валютамиз – сўм ҳақида бирон бир модда киритилмаган эди. Айнан мазкур бўшлиқ қайсидир йилларда миллий валютамизни ўз қўлимиз билан қадрсизланишига сабабчи ҳам бўлди.
Эсланг, бозорлардаги энг олди ва арзон товарлар фақат хорижий валютада сотилар эди. Масалан, ўзимизда ишлаб чиқарилган оммабоп айрим автомобилларга тўлов фақат хорижий валютада қабул қилинарди. Одамлар пешона тери билан топган қўлидаги сўмини қайсидир йўллар билан валютага айлантиришга мажбур эди ва бу табиий равишда ҳақли эътирозларига сабаб бўларди.
Халқнинг хоҳиш-истаги асосига қурилган Конституциямизга миллий валютамиз ҳақидаги норма киритилди.
Конституцияда Ўзбекистон Республикасининг пул бирлиги сўм экани алоҳида модда билан қатъий белгиланди. 150-моддага кўра, сўм Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона чекланмаган қонуний тўлов воситасидир. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида қонуний тўлов воситалари сифатида пул белгиларини муомалага киритишда ва уларни муомаладан чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эгадир.
Давлатимизнинг миллий пул бирлиги мақоми Конституция даражасида белгиланиши ҳамда унинг бутун ҳудудимиз бўйлаб чекланмаган ягона тўлов воситаси сифатида бўлиши аввало, сўмимизнинг қадри ошишига хизмат қилиши шубҳасиз. Яъни, давлатимизнинг муҳим рамзлари – давлат тили, байроқ, герб, мадҳия каби миллий валютамиз ҳам қадр топади, ҳимоя қилинади. Айниқса, бугунги глобаллашув шароитида давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, чегаралари қандай ҳимоя қилинаётган бўлса, миллий валютамиз – сўм ҳам улардан кам бўлмаган ҳолатда ҳимоя қилинади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Жамшид Қосимов,
ЎзА