Бухорода давлат идоралари фаолияти очиқлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари форуми ўтказилди.

Илк маротаба ташкил этилаётган халқаро анжуманда Марказий Осиё давлатларининг масъул давлат идоралари вакиллари ҳамда халқаро ва нодавлат ташкилотларнинг етакчи экспертлари қатнашди.

Форум Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий Кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Сенати, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева  онлайн видеомулоқот орқали иштирок этди.

Форумда дастлаб давлат идоралари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарасига бағишланган тақдимот намойиш этилди. Таъкидланганидек,   2021-2022 йилларда қабул қилинган 64 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда очиқликни таъминлаш ҳамда турли соҳа ва йўналишларда шаффофлик механизмларини жорий этишга қаратилган 175 та вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди. Мазкур топшириқларнинг 47 таси қонунчиликда амалда мавжуд бўлган тартиб-таомилларни очиқлик принциплари асосида такомиллаштиришга  қаратилган бўлса, 94 таси бўйича янги механизмларни жорий этиш назарда тутилган.

Хусусан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан очиқ эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг қатъий рўйхати тасдиқланди. Ахборотлар жойлаштириладиган ресурс, янгилаб бориш муддати ва масъул ижрочилар аниқ белгилаб берилди.

Шу каби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ва баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди.

Ёки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қонун билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Яна бир муҳим жиҳат, бугунги кунда давлат идораларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда онлайн платформалар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан  ўтказиш тизими жорий этилди. Давлат бюджети ва қарзи, шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни кўриш ва реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи онлайн платформалар (openbudget.uz, xarid.uzex.uz, etender.uzex.uz) ишга туширилди. Очиқ маълумотлар портали (data.egov.uz) фаолияти сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб, давлат харидлари, патентлар, дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатга олиш, жамоат транспорти ҳаракати, ер ресурсларидан фойдаланиш ва шу каби бошқа умумфойдаланишдаги статистик маълумотлар онлайн режимда Очиқ маълумотлар порталига эълон қилиб борилмоқда.

Аҳоли учун давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ишга туширилиб, бугунги кунда аҳолига 400 дан ортиқ давлат хизматлари онлайн тарзда кўрсатилмоқда. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари портали (my.soliq.uz) ишга туширилди. Лицензиялаш ва рухсатнома олиш соҳасида интерактив хизматлар кўрсатиш учун “Лицензия” ахборот тизимлари мажмуаси (licence.gov.uz), “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар портали (meningfikrim.uz) фаолияти йўлга қўйилди. Давлат активларини реализация қилиш, кўчмас мулк, автотранспорт воситалари сотиш, ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш ва бошқа бир қатор масалалар онлайн ауцион савдолари (e-ijro.auksion.uz) орқали олиб борилмоқда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими (e-qaror.gov.uz) ишга туширилди. Судларда кўрилган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари билан онлайн тартибда (decisions.esud.uz) танишиш имконияти яратилди.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамда туман шаҳар кенгашлари сессияларини жонли эфирга узатиш амалиёти йўлга қўйилди. Олий таълим муассасалари ва Президент таълим муассасалари кириш имтиҳонлари (тест ва ижодий имтиҳонлар) жараёнлари тўлиқ жонли эфирга узатиб борилмоқда. Хусусан, қонунчиликка мувофиқ, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди ва уларни ўз вақтида белгиланган ресурсларда жойлаштириб борилиши устидан доимий мониторинг ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Очиқлик соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Жорий йилда илк бор давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси эълон қилинди.

Шу каби тизимли ислоҳотлар самараси ўлароқ “Open data watch” ташкилотининг “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 2020 йилда Ўзбекистон 125-ўринни эгаллаган бўлса, 2022 йилга келиб, 40-ўринга кўтарилиб олди.

Тақдимотдан сўнг форум ўз ишини “Давлат идоралари фаолияти очиқлигининг коррупцияга қарши курашишдаги роли”, “Очиқ маълумотлар экотизимини яратишнинг долзарб масалалари”, “Очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик механизмлари” каби сессиялардаги муҳокамалар билан давом этди.

Мазкур сессиялар доирасида асосий эътибор коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича илғор механизмларни жорий этиш, бу борада миллий ва халқаро тажрибалар билан яқиндан танишиш, давлат хизматининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, қолаверса,  соҳадаги ҳуқуқий ва институционал базани янада такомиллаштириш масалаларига қаратилди.

Форумда Марказий Осиё давлатлари вакилларидан ташқари, Франция, Германия, Словения ҳамда Аргентина каби давлатлар вакиллари ҳам иштирок этиб ўз тажриба ва илғор амалиёти билан ўртоқлашди. Жумладан, маҳаллий ва халқаро эксперт ва мутахассислар томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, уларнинг ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлардан фойдаланиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш сингари йўналишларда маълумотлар тақдим этилди.

Мулоқотлар мобайнида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда очиқликни таъминлашга доир самарали сиёсатни ишлаб чиқиш, айни йўналишдаги чора-тадбирлар натижадорлигини баҳолаш ва сифатини ошириш масалаларида ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишга тушириладиган яна бир муҳим лойиҳа –  “Open Data” электрон платформасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур платформа давлат органлари ва  ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимларнинг салоҳиятини ошириш борасидаги тизимли ишларни янада такомиллаштириш мақсадида  ишлаб чиқилган. У ходимларга иш жойидан ажралмаган ҳолда онлайн ўқиш имконини беради.

Платформада ҳар бир ўқув модули якунида тингловчининг билими тест ва бошқа интерактив усуллар ёрдамида синовдан ўтказиш, тўплаган баллар асосида уларнинг рейтингини юритиш ва юқори натижага эришганларни моддий рағбатлантириш тизими жорий этилган. Форум якунида иштирокчилар томонидан берилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.

Форумда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.

Зариф Комилов, 

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА