Бугун, 16 май куни Москва шаҳридаги Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетида I халқаро талабалар статистика фестивали ва статистика бўйича талабалар халқаро олимпиадасига старт берилди.
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги статистика қўмитаси томонидан “МДҲ статистикасини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирларда Ўзбекистондан иккита талабалар жамоаси иштирок этмоқда.
Ҳар иккала жамоа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги, Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Статистика” кафедраси ўртасидаги амалий ҳамкорлик асносида шакллантирилди.
Ўзбекистонлик жамоалар мураббийи Улуғбек Камолиддиновнинг маълум қилишича, бугун жамоалар бу танловда “Мен – Ўзбекистонман!» видео кетма-кетлиги ҳамда статистика викторинаси чиқишлари билан қатнашди. Кейинги босқичда эса индивидуал тартибда тест ва иқтисодий масалалар бўйича имтиҳон ўтказилади.
– Танлаб олинган талабаларнинг статистика бўйича илмий-амалий тадқиқот олиб бориш билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга катта эътибор берганмиз. Чунки кейинги босқичда танланган мавзу бўйича илмий тадқиқотлар натижалари тақдимоти бўлиб ўтади. Унда талабалар жамоавий илмий изланиш олиб бориш кўникмаларини, илмий натижаларнинг амалий талқини борасида ўз кучларини намойиш қилишади. Қайд этилган якуний босқич учун Ўзбекистоннинг халқаро инвестиция позициясини статистик баҳолаш ва МДҲ давлатларидаги демографик ҳолатининг замонавий тенденцияларининг оила институтига таъсири каби долзарб мавзулар тақдим этилишини инобатга олсак, бу тадқиқотлар натижалари олимпиаданинг барча иштирокчилари учун қизиқ бўлиши табиийдир,– деди У.Камолиддинов.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА