Аввал хабар берганимиздек, ўтган ҳафта Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан коронавирус пандемияси тугагани эълон қилинди. Афсуски, бу хавф тўлиқ чекинганини англатмайди.
Сўнгги тадқиқотлардан бири давомида ЖССТ экспертлари 139 мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилди. Мутахассислар хулосасига кўра, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятидаги узилиш пандемия бошлангандан уч йил ўтиб, аста-секин тикланмоқда. Бу борада муаммога дуч келаётган давлатлар сони 25 фоиздан ҳам кам. Ваҳоланки, 2020 йил июль-сентябрь ойларида мазкур кўрсаткич 59 фоиз эди.
Ҳисоботда қайд этилишича, вирус бундан кейин ҳам сақланиб қолади. Давлатлар худди бошқа юқумли касалликлар сингари ушбу хасталик билан ҳам мунтазам ва тизимли курашишга мослашиши керак.
Ўз навбатида, дунё олимлари инфекциянинг янги мутацияларига қарши самарали дори воситалари яратиш устида изланишни тўхтатгани йўқ.
Жумладан, ЖССТ ва ҳамкорлар томонидан ўтказилаётган “Solidarity” халқаро клиник синовига 52 мамлакатдан икки минг нафар олим жалб этилган. Тадқиқотда 14 мингдан зиёд бемор иштирок этяпти. Олимлар гуруҳи яқин истиқболда СOVID-19га қарши самарадорлиги юқори янги дорилар яратилишини ишонч билан таъкидламоқда.
ЎзА