Жорий йилнинг 11 май куни Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пленумда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Экологик партиясининг иштироки ҳақидаги, шунингдек, Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод кўрсатиш бўйича партия съездига таклиф киритиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.
Партия съездини чақириш ва съезд кун тартиби ҳамда съездга делегатлар сайлаш масаласида ҳудудий партия ташкилотлари конференцияларини ўтказиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
Пленумда сиёсий партиялар учун яратиб берилган кенг ҳуқуқ ва имкониятлардан тўла фойдаланиб, партиянинг дастурий мақсад ҳамда ғоялари ва унинг электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, пленум иштирокчилари томонидан партиянинг сайлов кампаниясини самарали ўтказишни таъминлаш борасида бир қатор ташкилий ва мафкуравий йўналишда таклифлар билдирилди.
Пленумда Ўзбекистонда сиёсий партиялар ва фуқаролар сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш учун барча зарур шароитлар яратилгани, Янги Президент сайлови Сайлов кодекси асосида кўп партиявийлик, партиялараро эркин рақобат, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилиши алоҳида таъкидланди.
Сўзга чиққанлар сайловолди тарғиботи даврида партия ташкилотлари ҳамда фаолларининг самарали иш юритиши, қонун билан белгиланган ваколатлардан келиб чиқиб, биринчи навбатда мазкур муҳим сиёсий жараёнлардан электоратнинг хабардорлиги ва фаоллигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирларининг сифати ва самарадорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Пленумда Ўзбекистон Экологик партиясининг бўлажак съездида Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод этиб партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Хамзаев Абдушукур Худойкуловични кўрсатиш бўйича қарор қабул қилинди.
Билдирилган таклиф ҳамда тавсияларни инобатга олган ҳолда, муҳокама қилинган барча масала юзасидан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши пленуми тегишли қарорларни қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод
АБДУШУКУР ХУДОЙКУЛОВИЧ ХАМЗАЕВНИНГ
ТАРЖИМАИ ҲОЛИ
Абдушукур Худойкулович Хамзаев 1973 йил 10 декабрда Сурхондарё вилоятининг Узун туманида зиёли оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1995 йили Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясини тамомлаган. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор.
Меҳнат фаолиятини Узун туманидаги “Намуна” жамоа хўжалигида бўлим агрономлигидан бошлаган. 1996-1999 йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалик институти аспирантурасини муваффақиятли тамомлаган.
1999-2017 йиллар давомида Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида ассистент, катта ўқитувчи, ўқув ишлар бўйича декан муовини, маънавият ва маърифат масалалари бўйича проректор лавозимларида ишлаган.
2017-2022 йилларда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори сифатида фаолият юритган.
2022 йилдан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси лавозимида ишлаб келмоқда.
А.Х.Хамзаевнинг бугунги кунгача 280 дан ортиқ илмий ишлари чоп этилган. Шунингдек, у 20 га яқин қишлоқ хўжалик экин навлари ва 16 та ихтиро муаллифи ҳисобланади.
А.Х.Хамзаев қишлоқ, ўрмон ва экология соҳасида ҳалқаро тажрибаларга эга бўлиб, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Исроил, Туркия, Германия, Болгария, Россия каби давлатларда малака оширган. Унинг ташаббуси билан бугунги кунда соҳага оид 10 дан зиёд хорижий ўқув
ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорликлар йўлга қўйилган.
А.Х.Хамзаев қонун ижодкорлиги жараёнида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, у “Уруғчилик тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг яйловлар тўғрисида”ги Қонунларини тайёрлашда бевосита иштирок этган.
Шу билан бирга, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида Эксперт кенгаши раиси сифатида 20 га яқин қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда қатнашган.
А.Х.Хамзаев оилали, уч нафар фарзанди бор.
ЎзА