Пул инсон ҳаёти учун ҳам, иқтисодиёт учун ҳам муҳим ҳисобланади. Биз қанчалик кўп маош олсак, даромад қилсак орзу-мақсадларимизга эришиш осонлашади. Мамлакат иқтисодиётида айланаётган пул миқдорининг оптимал даражада таъминланиши ҳам барча соҳалар ривожи ва иқтисодий барқарорликка эришишга хизмат қилади.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти бош илмий ходими Сергей ЧЕПЕЛЬ билан суҳбатимиз айнан шу мавзу, яъни, Ўзбекистон иқтисодиётида айланаётган пул ва пул миқдорининг оптимал даражаси ҳақида бўлди.

– Пул мамлакат иқтисодиёти учун энг муҳим товар воситасидир, – деди С.Чепель. – Шу билан бирга, у барча товарларнинг қийматини белгилайдиган ягона воситадир. Шундан келиб чиқиб, биз бир гуруҳ экспертлар билан Ўзбекистон иқтисодиётида айланаётган пул миқдорининг оптимал даражасини таҳлил қилдик.

Таъкидлаш керакки, иқтисодий барқарорликка эришиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва инфляцияни пасайтириш зарурати ҳукуматлар ва Марказий банклардан замонавий пул-кредит сиёсати воситасида пул массаси, кредит шартлари ва фискал сиёсатни синчковлик билан тартибга солишни талаб қилади.

Бироқ Марказий Осиё мамлакатларида пул-кредит сиёсатини қатъийлаштиришга мойиллик айрим ҳолларда бизнес, айниқса, кичик бизнесда ликвидлилик инқирози хавфи туфайли инвестицион фаоллик ва иқтисодий ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу сабабли, барча ташқи омилларга қарамай, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва инфляцияни жиловлаш муҳим масала ҳисобланади.

– Демак, пул массаси, пулнинг айланиш тезлиги, нарх ва ишлаб чиқариш ҳажми ўртасидаги ўзаро боғлиқлик иқтисодиётга ўз таъсирини кўрсатади. Бу таъсир ижобий ва салбий  бўлиши ҳам мумкинми?

– Ҳа, албатта. Буни қуйидагича изоҳлайман. Пулнинг миқдор назарияси – пул массаси, пулнинг айланиш тезлиги, нарх ва ишлаб чиқариш ҳажми ўртасидаги ўзаро боғлиқликни (MV=PY) ифодалайди. Классик мактаб вакиллари пул массасининг ҳар қандай ўсиши инфляциянинг ўсишига олиб келади, деб таъкидлайди.

Ўз навбатида, Кейнс мактаби  нархларнинг ўзгариши биринчи навбатда иқтисодиётнинг муомаладаги пул миқдорини ўзлаштириш қобилияти билан белгиланиши ва пул массасининг ўсиши нархларга ҳар доим ҳам таъсир кўрсатавермаслигини таъкидлайди. Монетаристлар учун инфляция ҳар доим ва ҳамма жойда монетар ҳодисадир.

Банк мактаби намояндаларининг таъкидлашича, одамлар ортиқча пулни банкноталар кўринишида сақлашни хоҳламайди ва уни депозитга қўяди ва бу нархлар ўзгаришига олиб келмаслиги мумкин.

Сўнгги 10 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг монетизация даражаси ЯИМнинг 25-28 фоизини ташкил этган бўлса, ушбу даврда иқтисодий кўлами ва аҳолиси бўйича Ўзбекистон билан қиёслаш мумкин бўлган кўплаб ривожланаётган мамлакатларда монетизация ўртача 75-100 фоизга етган.

ЯИМнинг барқарор ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаган ривожланаётган йирик ва ўртача катталикдаги мамлакатлар – масалан, йиллик ўртача 4-5 фоиздан юқори ўсган Ҳиндистон, Хитой, Вьетнам, Индонезия ва бошқа бир қатор давлатлар кўриб чиқилганда, уларнинг иқтисодиётида монетизация даражаси 150-180 фоизга етгани аниқланди. Бу эса Ўзбекистон реал сектори етарлича молиялаштирилмаганидан далолат бериши мумкин.

– Иқтисодиётнинг монетизация даражаси нима ва у қандай омилларга боғлиқ?

– Иқтисодиётнинг монетизация даражаси пул массасининг ялпи ички маҳсулот нисбатига тенг кўрсаткичидир. Яъни, у ўзида нақд пул, чеклар, талаб қилинмаган депозитлар, корхоналар ва аҳолининг банклардаги нақд пул депозитларини ифода этади.

Шу асосда биз монетизация даражаси, инфляция ва инвестициялар динамикаси кўрсаткичларининг эконометрик таҳлили натижалари миллий иқтисодиётнинг монетизация даражасини ошириш учун инфляцион рисклар нуқтаи назаридан мақбул чегараларни аниқлаш ва унинг инвестицион ҳамда иқтисодий фаолликка қандай таъсир қилишини таҳлил қилдик.

Унга кўра, монетизация даражасининг 1 фоиз пунктга ўсиши сўнгги йилларда асосий капиталга инвестициялар ҳажми асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг 0,2 фоиз пунктга ўсишига олиб келади (барчаси ЯИМга нисбатан фоиз ҳисобида).

Инфляция таъсири ЯИМга нисбатан 43 фоизли пул массаси чегарасигача сезиларли эмас, шундан кейин у 0,3 фоиз пунктига ошади.

Агар иқтисодиётни бошқариш самарадорлиги бўйича Вьетнам ва Индонезия даражасига эришилса, монетизациянинг инвестициялар ўсишидаги ҳиссаси 0,2 фоиз пунктдан 7,3 фоиз пунктга етади, инфляция эса 0,5 фоиз пунктга камаяди.

Демак, юқоридаги кўрсаткичларга асосан бошқарув самарадорлигининг ўртача даражаси шароитида иқтисодиётни монетизация қилишнинг ортишига хўжалик юритувчи субъектларни инвестициявий кредитлашни кенгайтириш орқали эришиш инфляцион жараёнларнинг тезлашишига олиб келмайди.

Негаки,  бу жараёнда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва янгиларини яратиш, иқтисодиётни диверсификация қилиш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Бу эса товар ва хизматларнинг умумий таклифини оширади, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги рақобатни кучайтиради ва нархлар ўсишини чеклайди.

 Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА