Сўнги йилларда пойтахтимизда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Муҳташам иншоотлар, илм-фан масканлари, турар жойлар, ижтимоий объектлар, йўл ва кўприклар, сўлим боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда. Бунинг натижасида Тошкент шаҳри изчил ривожланиб, замонавий қиёфа касб этмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун қурилиш Ўзбекистон иқтисодиётидаги “драйвер” соҳалардан бирига айланди.
Буни биргина пойтахтимиздаги Янгиҳаёт тумани мисолида кузатиш мумкин. Туманда нафақат кенг қамровли қурилиш бунёдкорлик ишлари, балки коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш йўналишларида ҳам ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, туман ҳудудида 170 миллиард сўмга жами еттита 2 минг 860 қувватли янги мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, жами 26 миллиард сўмга 1 080 қувватли 121-, 566-сонли мактабгача таълим ташкилотларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари якунланди ва фойдаланишга топширилди.
10 та мактабгача таълим ташкилоти жорий таъмирланди. Мазкур давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида, 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш кўрсаткичи 65 фоизга етди.
Туманда 2 та: ҳар бири 250 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ҳамда Тез тиббий ёрдам станцияси қуриб, фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, туманда яна битта янги Оилавий поликлиника қуриш ишлари бошланган. Бундан ташқари, 37-сонли марказий поликлиника ҳамда 1 та кўп тармоқли шифохона қуриш режалаштирилган. Ҳозирда ушбу соғлиқни сақлаш объектларини қуриш учун лойиҳа ва лойиҳа олди ишлари олиб борилмоқда.
Туманда ички йўлларни таъмирлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2021-2023-йилларда 30 та маҳаллада 10 миллиард сўмга умумий узунлиги 7,6 км. йўл асфальт қопламаси билан таъмирланди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2021-2023 йил давомида 127 минг 936 дона ҳар хил турдаги манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди. 5 та «яшил боғ» ташкил этилди.
Бир сўз билан айтганда, туманда уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт, болалар майдончалари ва спорт масканлари бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА