Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Туркманистон Республикасига хизмат кўрсатган артист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Мирзагул Сапаева билан учрашув бўлиб ўтди.

Университет филиали директори Адилбай Есимбетов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қорақалпоқ миллий маданияти ва санъати ривожига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик натижасида соҳадаги ижобий янгиланишлар ҳусусида сўз юритди.

Учрашувда сўз олган Мирзагул Сапаева халқимизнинг маънавий ҳаётида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, муҳтарам Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан соҳани ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган самарали ишлар ҳақида алоҳида тўхталди.  У талаба  ёшларга санъат соҳасига кириб келиши, босиб  ўтган йўли,  йўл кўрсатган устозлари ҳақида сўзлаб берди. Шу билан бирга мухлислар орасида машҳур бўлган куй-қўшиқларнинг яратилиши, хорижий давлатлардаги сафарлар таассуротлари билан  ўртоқлашди. Шунингдек, фильмларда ижро қилган роллари ва суратга олиш жараёнидаги қизиқарли воқеаларни ҳам ёдга олди.

Қизиқарли суҳбатдардан сўнг хонанда тингловчилар қалбидан жой олган қўшиқлардан ижро этилиб учрашув иштирокчиларига завқ бағишлади.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири