Ҳиндистон банки кредит бўлими маълумотига кўра, ўтган йил давомида мамлакатнинг Россиядан нефть сотиб олиши ўн баробар кўпайган. Бу мамлакатга бир тонна хом нефть учун, тахминан, 89 доллар тежаш имконини берди.

Қўшма Штатлар ва Европа босимига қарамасдан, Ҳиндистон ғарбнинг Россия импортига нисбатан санкциясига риоя қилишдан бош тортди. Республика энергия импортига қарам, миллионлаб аҳолиси қашшоқ яшаётган мамлакат сифатида нефт учун юқори нарх тўлай олмаслигигини маълум қилди.

– Украина инқирози туфайли Европа Россиядан Ҳиндистонга нисбатан олти марта кўп энергия импорт қилган, – деди мамлакат ташқи ишлар вазири С.Жайшанкар.

Экспертлар фикрича, Россия эндиликда, асосан, Осиёга энергия импорт қилишни таклиф этмоқда. Ҳинд нефтни қайта ишлаш корхоналари ҳам, ўз навбатида, фойдани имкон қадар оширишга ҳаракат қиляпти.

Нигина Сафарматова, ЎзА