Юртимизда бугунги кунда жамоат транспорти хизматидан кунига 10 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланади. Жамоат транспорти аҳолининг узоғини яқин қилиб, харажати ва вақтини тежайдиган муҳим восита.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш бўйича йиғилиш ўтказган эди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари 2022 йилнинг 22 декабрь кунги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида 2023 йилда яна 2 мингта автобус олиб келинишини таъкидлаган эди. Президентимиз йиғилишда қанча кўп автобус олиб келинмасин, жойлардаги транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизими ўзгармаса, аҳоли эҳтиёжига яраша хизмат кўрсатиб бўлмайди, дея алоҳида қайд этган. Иш тизимини ўзгартириб, хизмат сифатини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар берган.
Хўш, соҳада қандай ўзгаришлар бўлди, қанақа янги хизмат турлари йўлга қўйилди?
ЎзА мухбирининг ушбу саволига Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа офиси раҳбари Муроджон Обидов қуйидагича жавоб берди.
— Жамоат транспорти бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Чунки аҳолининг демографик ўсиши, ҳудудлардаги зичланиш, урбанизация жараёнлари натижасида одамларнинг ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжи охирги йилларда бир неча баробарга ошди. Гапимнинг исботи сифатида Тошкент шаҳри бўйича бир нечта рақамларни эслатиб ўтаман. Тошкент шаҳрида 3 миллионга яқин аҳоли доимий яшаш учун рўйхатдан ўтган бўлса, уларнинг 1,3 миллиони иш билан таъминланган. Ундан ташқари бошқа вилоятлардан бир кунда пойтахтга 1,4 миллион аҳоли кириб чиқади.
Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларида 300 мингга яқин талаба ўқийди. Мана шу 3 миллионга яқин аҳолини кунига камида икки марта транспортда ҳаракатланишга эҳтиёжи бор. Бу эса Тошкент шаҳрининг ўзида аҳоли томонидан кунига 6 миллионга яқин транспортда ҳаракатланишга эҳтиёж мавжуд дегани. Ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжнинг бор йўғи 21-23 фоизигина жамоат транспортида қондириляпти.
Шу пайтгача жамоат транспортининг ташув қуввати етишмас эди. Ташув қуввати етишмагани сабабли эрталабки ва кечки тиғиз пайтларда одамлар автобусга чиқишга қийналиб, сиғмай қолишарди. Ҳаракат таркибининг сиғими етишмаётганидан аҳолининг шахсий транспортдан фойдаланиш имконияти бўлмаган қатламлари бошқа енгил транспортда қиммат нархларда ҳаракатланишга мажбур эди.
Шу боис давлатимиз раҳбари жамоат транспортини тизимли ривожлантириш билан бирга молиялаштириш механизмини мутлақо янги тизимга ўтказиш бўйича топшириқ берди. Мана шу топшириқларни комплекс ечимлари бўйича иш олиб борилиб, жорий йилнинг 16 февралида Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида Тошкент шаҳри ҳамда барча вилоятларда янги тизимларни жорий этиш бўйича “йўл хариталари” тасдиқланди.
Ислоҳотлар натижасида бутунлай янгича молиялаштириш тизимига ўтилди. Тошкент шаҳрида 5 майдан бошлаб 14 та йўналишда янгича молиялаштириш тизими бўйича ҳаракатлар бошланди. Босқичма-босқич пойтахтдаги 167 та йўналишда янги молиялаштириш механизмига ўтиш белгиланган.
Н.Раҳмонова, Н.Абдувоитов(видео) ЎзА