Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.в.б. Холмурод Салимов бошчилигида уюшма вакиллари бир қатор устоз журналистларни 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни билан табриклаб, фахрийларга совғалар топширди.
Уюшма вакиллари дастлаб фахрий журналист, узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда самарали меҳнат қилган Турсунбой Ботирбеков хонадонида бўлди. Суҳбат давомида мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, ёши улуғларни, устоз журналистларни қадрлаш ва улуғлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашилди.
– Одам кўнглини одам олади,– дейди Т.Ботирбеков. – Келишларингизни эшитиб хурсанд бўлдим, кўриб янада қувондим. Юртбошимиз бошчилигида одамларни рози қилиш бўйича қилинаётган ислоҳотлардан кўнглим тоғдек кўтарилади. Қанийди, ёшариб қолсам, ана шу эзгу ишларни журналист сифатида кенг ёритишга ҳисса қўшсам, деган ўй-хаёллар ўтади.
Уюшма вакилларининг кейинги манзили “Московская правда”, “Коммуна” газеталарида мухбир бўлиб ишлаган, долзарб мавзулардаги мақолалари “Народное слово”, “Правда Востока”, “Вечерний Ташкент” ҳамда “Ташкентская правда” газеталарида мунтазам эълон қилинган Инна Коваль хонадони бўлди.
Инна Коваль Тошкент давлат университети ҳамда Москва давлат университетида таълим олган ва кўп йиллар юртимиздаги таълим муассасаларида журналистикадан дарс берган. Суҳбат давомида у давлатимиз томонидан ўз оиласи ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганидан, тумуш ўртоғи Александр Файнберг хотирасига алоҳида эътибор кўрсатилаётганидан, 80 йиллик юбилейи кенг нишонланганидан ғоят миннатдорлигини билдирди.
Уюшма вакилларининг соҳа фахрийлари хонадонларига ташрифи давом этмоқда.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ахборот хизмати