Инсоннинг эркинлигини, ҳуқуқларини поймол қилишга қаратилган одам савдоси дунё жамоатчилиги томонидан кескин қораланади. Бу жиноятга қарши курашиш халқаро миқёсда давом этаётганига қарамай, бу иллат ҳамон мавжуд.

Шу боис бу соҳада қабул қилинган халқаро ҳужжатлар, миллий қонунчилик ижроси долзарб аҳамиятга молик. Бу борада 2008 йил 17 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган бўлиб, қонун одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, муҳими, одам савдосидан жабрланганларга ижтимоий ёрдам кўрсатишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажариб келмоқда.

Мазкур қонун қабул қилинганлигининг ўн йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий марказий бюроси ҳамда одам савдосига қарши курашувчи жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Бош прокурор ўринбосари Ғайрат Ҳидоятов Ўзбекистонда инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Одам савдоси жиноятининг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун одам савдосига қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги мустаҳкамланишига мустаҳкам ҳуқуқий замин яратди.

Давра суҳбатида БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси вакили Ашита Миттал одам савдоси жинояти глобал муаммолардан бири эканини қайд этди. Аянчлиси, бу жиноят гирдобига ожиз ва ҳимояга муҳтож бўлган болалар ва аёллар кўпроқ тушаётганидир. Ўзбекистонда бу жиноятга қарши курашиш, бу борада халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Одам савдосига қарши курашиш билан боғлиқ БМТ ҳужжатлари ратификация қилиниши билан бирга миллий қонун ҳам қабул қилинган. Муҳими, бундай турдаги жиноятлар камайишига эришилди, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш тизими шаклланган.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасида одам савдосига қарши курашишининг ҳуқуқий ва институционал асослари, Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия фаолияти, меҳнат миграцияси билан боғлиқ жараённи тартибга солиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Тадбир давомида “Жиноятчилар эмас, жабрланганлар-2” фильми намойиш этилди.

Бош прокуратура ҳамда БМТнинг Наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш ташкилотининг Марказий Осиёдаги Минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида, АҚШ Давлат департаментининг ҳуқуқни қўллаш ва наркотик бўйича назорат бюроси молиявий кўмагида яратилган фильмда одам савдоси бўйича жиноят ишларини юритиш билан боғлиқ ҳалқаро стандартларга оид қўлланмалар қамраб олинган.

Фильм тақдимотидан сўнг иштирокчилар бу йўналишда олиб борилган ишлар натижалари, учраётган камчиликлар, уларни бартараф этиш борасида фикр алмашди.

 

Норгул Абдураимова, ЎзА