Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида Қорақалпоғистон халқ бахшиси Амет Тарийховнинг 100 йиллигига бағишланган “Халқ донолиги – таълим ва тарбиянинг туб асоси” мавзусидаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Унда таниқли санъат ва маданият соҳаси вакиллари, бахшининг  шогирдлари, оила аъзолари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Қ.Турдиев, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари санъат арбоби, Бердақ  номидаги давлат мукофоти совриндори Қ.Заретдинов, филология фанлари доктори, профессор Қ.Жаримбетов, Ўзбекистон халқ бахшиси Ғ.Утемуратов сўзга чиқиб, Президентимиз раҳбарлигида миллий маданият ва санъатимизни, жумладан, бахшичиликни ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мутахассислар тайёрлашга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Амет Тарийхов ўзининг алоҳида иқтидори, бой дунёқараши билан миллий маданият ва санъатимизни ривожлантиришда салмоқли ўрин эгаллаган. У 1923 йилда Қорақалпоғистоннинг Қораўзак тумани ҳудудидаги  Есим бўйи Сағанай қуюн овулида туғилган. Оиласи жуда камбағал бўлгани боис деҳқончилик ишлари билан шуғулланган. Қатағон даврида ёшлигидан ота-онасидан етим қолиб, қариндошлари қўлида тарбияланади. Унинг авлодида бахшичилик билан шуғулланганлар бўлмаса-да овулга келган бахши-жировларни туни билан ухламасдан тинглар эди. Бу даврда, айниқса, 20 йилларнинг охири, 30-50 йилларда жиров-бахшилар майдонда йиғилиб, катта клубларда ёки сейисхоналарда ижро этишар эди.

У 1943 йилнинг сентябрь ойида фронтга кетади. 1944 йилнинг июнига қадар Белоруссиядаги 820-жангчилар полкида хизмат қилади. Витебск ўрмонида бўлган жангда кўзидан ярадор бўлиб, урушдан қайтиб келади. 1944-45 йилларда ўз овулида ишлайди. Уруш даврида ва ундан кейинги йилларда Қорақалпоғистоннинг бахши-жировлари халқимизни немец-фашист босқинчиларига қарши ватанпарварлик руҳида тарбиялашда халқ орасида қорақалпоқ қаҳрамонлик достонларини ижро этди.

Унинг бахшичилик йўлини танлашда таниқли Изимбет жиров, Абдирасул жиров, Есжан бахши, Тўребай бахшиларнинг ҳиссаси катта бўлди. Айниқса, Амет Тарийхов Есжан бахши ва  Қурбанияз бахшиларга шогирд тушган  устозларидан бир нечта халқ қўшиқлари, “Қирмандали”, “Ғарип ашиқ”, “Саятхан-Ҳамра”, “Юсуп-Ахмет”, “Базирген” каби лиро-эпик достонларини қунт билан ўрганади ва бахшининг гўзал куйлари, қўнғироқдек овози, ижро этган достонлари уни таниқли бахши даражасига етаклайди.

Бахшининг узоқ йиллик самарали фаолияти ва маънавий маданий ютуқлари ҳукуматимиз томонидан юксак баҳоланиб, унга 1967 йилда “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист”, 1983 йилда “Қорақалпоғистон халқ бахшиси” фахрий унвонлари берилди. Амет бахши Тарийхов фақатгина мамлакатимиз миқёсида эмас, балки қўшни Қозоғистон, Туркманистон  Республикаларида ҳам ўз мухлисларига эга бўлиб, ўзининг бетакрор овози билан кўпчиликнинг эътиборини қозонди.

1991 йилда  халқимизга таниқли бахшининг юртимизга кўрсатган катта хизматларини одилона баҳолаш ва унинг номини абадийлаштириш тўғрисидаги илтимосларга кўра, Нукус шаҳрида ўзи истиқомат қилган кўча Амет бахши Тарийхов номига қўйилди. 2002 йилда Нукус шаҳар 2-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Амет бахши Тарийхов номи берилди. “Ўзбеккино” миллий агентлиги “Қарақалпақфильм” киностудияси томонидан  ҳужжатли  фильм тасвирга олинди. 2022 йил 25 ноябрда Нукус шаҳар Амет бахши  Тарийхов номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабида  республика Ёш бахшилар кўрик танлови  ўтказилди.

Шу йилнинг январь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришда муносиб ҳисса қўшган бир гуруҳ фидойиларнинг юбилей саналари орасида Қорақалпоғистон халқ бахшиси Амет Тарийховнинг 100 йиллигини республика миқёсида кенг  ва юксак савияда нишонлаш бўйича йиғилиш қарори чиқди. Шунга мувофиқ, февраль ойида 50 ва ундан юқори ёшдаги бахшилар орасида  бахшилар танлови ўтказилди.

– Дарҳақиқат, Амет Тарийхов халқ достонларини моҳирона ижро этиб, халқимиз дилидан чуқур ўрин олган бахшилардан биридир, – дейди  Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари санъат арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори Қурбанбай Заретдинов. – Бугунги кунда унутилаётган бахшичилик санъати қайта тикланиб, санъатга қизиқувчи ёшларни  тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида 2022-2023 ўқув йилида бахшичилик ва достончилик таълим йўналишининг очилиши бунинг ёрқин мисолидир.

Тадбир якунида иштирокчиларга филиал талабаларининг концерт дастури намойиш этилди.

Қорақалпоғистон халқ бахшиси Амет Тарийховнинг 100 йиллигига бағишланган тадбирлар  шаҳар ва туманларда, ўқув юртларида давом этмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА