Украина бош вазири Денис Шмигал АҚШга расмий ташрифи доирасида Пентагон раҳбари Ллойд Остин билан музокара ўтказди. Бу ҳақда “Анадолу” ёзган.
Учрашувда Шмигал Ғарбни Ф-16 ва Ф-15 қирувчи самолётлари етказиб беришни бошлашга чақирди.
«Биз ғалаба қозонамиз, фақат бунга тезроқ ва кам йўқотиш билан эришиш учун Украинага ҳалиям тезкор ҳарбий ёрдам керак”, — деди бош вазир.
Остин билан учрашувда у кучли ҳарбий ёрдами ва Раммстеин формати яратилиши учун Қўшма Штатларга миннатдорлик билдирди.
Мулоқот давомида навбатдаги қарши ҳужум амалиётини муваффақиятли ўтказиш учун Украинанинг фавқулодда эҳтиёжи масаласи батафсил муҳокама қилинди. Шунингдек, келажак учун янги имкониятлар устида биргаликда иш олиб боришга келишилди. Бош вазир қўшимча қилишича, тез ғалаба қозониш учун кўпроқ қурол, яъни ҳаво мудофааси, оғир артиллерия ва техника, миномёт ва ўқ-дори керак. Шу боис Украина вакили АҚШни узоқ масофага учадиган ракеталар етказиб беришга чақирди.
“Биз АҚШнинг доимий кучли ҳарбий ёрдамига ишонамиз”, — деб ёзди Шмигал ижтимоий тармоқда.
Остин аниқ сўровга изоҳ бермади, бироқ АҚШ Украина учун қурол ишлаб чиқаришни кенгайтиришига ваъда берди.
“Биз ишлаб чиқаришни янада ошириш учун мудофаа саноатимиз базасига сармоя киритишда давом этамиз”, деди Пентагон раҳбари.
ЎзА