Президентимиз Яшнобод туманидаги замонавий ҳарбийлар шаҳарчаси қурилиши билан танишди

Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб турмуш шароити яратишга доимий эътибор қаратилмоқда.

Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани «Олмос» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этилаётган кўп қаватли янги уйлар ҳам ўнлаб ҳарбий хизматчилар оиласига олам-олам қувонч олиб келиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 – 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бу ерда 48 та беш қаватли уй бунёд этилмоқда.

Лойиҳага кўра, биринчи босқичда 540 хонадонга мўлжалланган 2,3, 4 хонали 18 та 5 қаватли уй қурилмоқда.

Буюртмачи – “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК, лойиҳалаштириш ишлари – бош лойиҳачи “Қишлоқ қурилиш лойиха” институти томонидан ишлаб чиқилган. Қурилиш-монтаж ишлари 12 та пудрат ташкилоти томонидан тасдиқланган тармоқ жадваллари асосида амалга оширилмоқда.

Бунёдкорлик ишларига 30 дан ортиқ техника, машина ва механизмлар ҳамда 2000 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи ходим жалб қилинган. Бугунги кунга қадар 18 та уйда ғишт териш ишлари тугатилиб, сантехника, пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳудудда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, уйларда яратилаётган шароитлар билан танишди.

e8003644-67e3-7d4c-abe2-b2f1f1433de3.jpg

– Сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчиларимиз турмуш шароитини яхшилаш борасидаги ислоҳотлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади, деди Президентимиз. – Уларнинг фарзандлари таълим-тарбияси ва ижтимоий ҳимояси доимий эътиборимизда бўлади.

Иккинчи босқич доирасидаги 900 хонадонга мўлжалланган 30 та 5 қаватли уй қурилиши ҳам қизғин давом этмоқда. Буюртмачи – “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК, бош лойиҳачи – “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” институти.

Барча шароитга эга замонавий ҳарбий шаҳарча бўладиган ушбу мавзеда болалар боғчаси, мактаб, поликлиника ва бошқа ижтимоий объектлар ҳам барпо этилади. Ушбу уйлар Ватан ҳимоячиларига имтиёзли кредит асосида берилади.

Шавкат Мирзиёев уйларни ўз вақтида ва сифатли қилиб якунлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Шу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддилари билан мулоқот қилди.

 

Зиёдулла Жонибеков, ЎзА