Қозоғистон ички ишлар вазирлигининг наркожиноятчиликка қарши кураш департаменти томонидан йирик трансмиллий жиноий гуруҳ қўлга олинди. Улар Қозоғистон ва яқин қўшни мамлакатлар фуқаролари экани маълум бўлди. Жиноятчилар синтетик наркотикларни саноат миқёсида ишлаб чиқариш учун мамлакатга прекурсорлар етказиб берилишини йўлга қўйган, деб ёзмоқда «Казинформ» агентлиги Polisia.kz сайтига таяниб.

Тезкор гуруҳ томонидан прекурсорларни етказиб бериш йўлларини аниқлашга қаратилган махсус тадбир ўтказилди. Ушбу жиноятга алоқадор ҳар бир жиноятчининг ҳаракатини аниқлаш учун “махсус юк” йўналиши бўйлаб  ҳаво разведкаси ҳам қўлланилган.  

Махсус амалиётнинг биринчи босқичи ўтган йилнинг  октябрида бошланганди, жорий йилнинг март ойида эса мамлакат ичкарисида прекурсорлар контрабандасида иштирок этган уч нафар  хорижий давлат фуқаролари ушланган. Амалиётнинг якуний босқичида, яъни  21 март куни Олмаотада қолган жиноятчилар қўлга олинди. Улар яқин хорижий мамлакатлар фуқароси ҳамда бир нафар  қозоғистонлик бўлиб чиқди. Жиноятчилар ёнидан мефедрон, хорижий давлат полициясининг қалбакилаштирилган  гувоҳномаси, зип-пакетлар, электрон тарози, Калашников автомати учун патронлар топилган.

Жиноятчилар яширинча сақлаётган жами прекурсорлар 72,7 тоннани ташкил этди, шу йўл билан 8 тонна синтетик гиёҳванд модда тайёрланишининг олди олинди, дейилади хабарда.