Туркия бу йил илк маротаба Глобал барқарор туризм анжумани GSTC-2023 (GlobalSustainable Tourism Conference)га мезбонлик қилишга тайёрланмоқда. Анжуман 2023 йил 9-12май санасида мамлакатнинг туризм пойтахти Анталияда бўлиб ўтади.
Барқарор саёҳат ва туризм учун глобал стандартларни белгилаб берувчи ва ушбу стандартларнинг жорий этилишини бошқарадиган Глобал барқарор туризм кенгаши (GSTC) бу йил Туркияда конференция ташкил этади. Ҳар йили ўтказиладиган глобал кенгаш –GSTC 2023 йил 9-12 май кунлари мамлакатнинг туризм маркази Анталияда, барқарор саёҳат ва туризмни ривожлантириш, тарғиб қилиш билан шуғулланадиган туризм манфаатдорларини бирлаштиради.
Глобал барқарор туризм кенгаши атроф-муҳит ва барқарорликни таъминлаш бўйича дунёдаги энг йирик ташкилот бўлиб, саёҳат ва туризмда барқарорликни таъминлаш учун яратилган глобал стандартларни тартибга солади, янгилайди, бошқаради. Мустақил нотижорат ташкилот ушбу мезонлар билан барқарор туризм ҳақида умумий тушунча яратишни мақсад қилган.
GSTC, шунингдек, барқарор туризмнинг муҳим долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун глобал лидерлар билан конференция ташкил қилади. Ташкилот томонидан ҳар йили бошқа шаҳарда ташкил этиладиган Барқарор туризм анжумани туризмдан манфаатдор томонларни фикр алмашиш учун бирлаштириш ва шу тариқа белгиланган стандартларни қўллаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Пандемия сабабли икки йил кетма-кет онлайн тарзда ўтказилган анжуманлар тармоғи ўтган йили Испаниянинг Севиля шаҳрида бўлиб ўтди. Туркия ҳам иштирок этган GSTC-2022 Барқарор Туризм Конференциясида Туркия Туризмни Ривожлантириш ва Татбиқ этиш Агентлиги (ТGА) томонидан олиб борилган номзодлик жараёнидан сўнг 2023 йилги нашри Анталияда ўтказилиши эълон қилинди. Анталиянинг хостинги иштирокчилар учун махсус тайёрланган видеоролик билан таништирилди ва анжуманда Туркия Миллий барқарор туризм дастурига бағишланган панель ташкил этилди.
ТУРКИЯ БАРҚАРОР ТУРИЗМ СОҲАСИДА ДУНЁГА НАМУНА БЎЛМОҚДА
2022 йил бошида GSTC билан имзоланган ҳамкорлик шартномаси билан Туркия барқарор туризмда амал қилиниши керак бўлган мамлакатнинг йўл харитасини аниқлади ва глобал барқарорлик амалиётини тезлаштирди. Уч йиллик шартномага мувофиқ Туркиянинг туризм саноатида инқилоб қилиш учун Туркия Миллий барқарор туризм дастури ташкил этилди. Туристик дестинациялар, туроператорлар ва айниқса, турар жойни ўз ичига олган дастур Туркиянинг туризм саноатида барқарор ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган.Амалга оширилаётган дастурнинг биринчи босқичи жорий йилда, иккинчи босқич 2025 йилда, учинчи босқич эса 2030 йилда барча халқаро стандартларга жавоб берган ҳолда якунланади.
GSTC-2023 Глобал барқарор туризм конференцияси Анталияда 350 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий иштирокчиларни, жумладан, давлат сектори, меҳмонхоналар, туроператорлар, компаниялар, академик доиралар, ривожланиш агентликлари, онлайн саёҳат агентликлари ва нодавлат ташкилотлар вакилларини қабул қилади. Тўрт кунлик конференция дастури тренинглар, интерактив панеллар, семинарлар, учрашувлар ва ижтимоий тадбирларни ўз ичига олади. Иштирокчилар барқарор туризмни ривожлантириш ва тарғиб қилиш бўйича мутахассисларнинг амалий тажрибасидан баҳраманд бўлиш, Туркиянинг саёҳат маскани Анталияни кашф қилиш имкониятига эга бўладилар.
Туркиянинг жанубида, Ўрта Ер денгизи ва Турк Ривиерасининг қоқ марказида жойлашган Анталия табиий гўзаллиги, денгизи, тарихий ва маданий тузилиши билан туризм пойтахти сифатида таърифланади. Шаҳар ҳар йили минглаб сайёҳларни қабул қилади ва «денгиз-қум-қуёш» трилогиясидан ташқари саргузашт, маданият-санъат ва кўнгилочар вариантлари билан ажралиб туради.
GSTC мезонлари деб номланувчи глобал барқарор стандартларни ўрнатади ва бошқаради.
GSTC ҳақида қўшимча маълумот учун: www.gstcouncil.org
ЎзА