Дунёга машҳур аргентиналик футболчи Лионель Мессининг рафиқаси Антонелла Рокуззонинг оилавий супермаркетига номаълум шахслар қуролли ҳужум уюштирди.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, воқеа маҳаллий вақт билан соат 03.20 да Месси ва унинг рафиқаси оиласи истиқомат қиладиган Росарио шаҳрида содир бўлган. Бир гуруҳ гиёҳванд моддалар сотувчиси “Униcо” супермаркетлар тармоғига қарашли дўкон эшиги олдида ўқ узган. Шунингдек, босқинчилар жиноят жойида Мессига хабар қолдирган. Ҳодиса юзасидан тергов бошланган. Расмийлар тафсилотдан бош тортишди.

Росарио мэри Пабло Явкин “Radio2”га берган интервьюсида Рокуззо хонадонининг бир неча вакили билан учрашганини айтди.

“Биз оилани ҳимоя қилишимиз керак. Уларнинг воқеага алоқаси йўқ”, — деди у.

Явкиннинг сўзларига кўра, гиёҳванд кенгроқ аудиторияга етказмоқчи бўлган хабарни тарқатиш учун Месси фамилиясидан фойдаланган.

 

ЎзА