Туркманистон Мажлиси (парламенти)га сайловларда иштирок этиш учун 258 нафар номзод рўйхатга олинди. Бу ҳақда “Neytral Turkmaniston” расмий газетаси хабар берди.

Республика бўйича жами 14 минг 872 нафар номзод кўрсатилган ва рўйхатга олинган. Улардан 258 нафари парламент депутатлиги, 515 – вилоятлар ва Ашхобод шаҳри халқ маслаҳати, 2001 – туман ва шаҳар халқ маслаҳати, 12 минг 98 нафар номзод маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун сиёсий баҳс олиб борадилар.

Парламентга жами 125 депутат сайланиши керак. Овоз бериш учун 2644 та сайлов участкаси ташкил этилади.

Парламент сайловлари 26 мартга белгиланган.

21 январда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов парламент юқори палатасини бекор қилиб, бир палатали Халқ кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қонунларини имзолаган эди.

 

ЎзА