Вашингтон маъмурияти ҳозирча коронавируснинг келиб чиқиши бўйича бир фикрга кела олмаган, Вашингтон Пекин томонидан ҳамкорлик қилинишини кутмоқда. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби журналистлар учун уюштирилган брифингда маълум қилди.
“Ҳукуматда ковид айнан қандай пайдо бўлгани ҳақида консенсус йўқ», – деди у АҚШ энергетика вазирлигининг куни кеча коронавирус лабораториядан сизиб чиққан, деб тарқатган хабарига изоҳ берар экан.
Кирбининг таъкидлашича, “разведка ҳамжамиятида ушбу масалада консенсус йўқ”. Кирби коронавируснинг келиб чиқишини аниқлашнинг аҳамиятини алоҳида қайд этар экан, бу келгусида бўладиган пандемияларнинг олдини олиш ёки унга яхшироқ тайёрланиш учун муҳим эканини таъкидлади. Унинг айтишича, АҚШ ҳукумати ушбу масалани ҳамон ўрганмоқда.
“Биз Пекинга коронавируснинг келиб чиқишини текширишда биз билан ҳамкорлик қилишини ҳамда бу ишда шаффофликни исташимизни ҳар доим айтиб келганмиз”, – деди Кирби.