Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг янгидан барпо этилган замонавий спорт залида “Универсиада – 2023” спорт ўйинлари дастуридан жой олган спортнинг белбоғли кураш тури бўйича юқори савияда бўлиб ўтган республика финал босқичида ҳам энг кучли ва иқтидорли спортчилар сараланди.

Икки кун давом этган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 98 нафар йигитлардан иборат спортчи-талабалар 55, 60, 66, 73, 81, 90 ва +90 килограмм вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон талабалар спорти ассоциацияси, Тошкент вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган турнирнинг барча вазн тоифалари бўйича ғолиб ва совриндор спортчилар номи аниқланди.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг талабаларидан иборат Тошкент вилояти жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринни Фарғона вилояти талабалари қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин наманганлик талабаларга насиб этди.

Тақдирлаш маросимида Тошкент вилояти ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Рустам Бобоқулов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, Ўзбекистон талаблар спорти ассоциацияси спорт бўлими бошлиғи Ғолибжон Ибодов иштирок этди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланди.

А.Мусаев,

ЎзА.