Ҳукуматимиз делегациясининг Мисрга ташрифи доирасида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Қоҳирада электротехника, тўқимачилик, чарм ва пойабзал, фармацевтика маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритаётган етакчи компаниялар раҳбарлари билан музокара ўтказди. Мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш ва юртимизга сармоя жалб этиш истиқболи кун тартибидаги асосий мавзу бўлди.

“Elsewedy Electric” президенти Аҳмад Содиқ билан энергетика ва электротехника саноатида ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинди. Шу ўринда айтиш керак, мазкур компания 17 давлатда филиалларига эга, электр энергияси, трансформатор ва кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхона ҳисобланади. Активи қиймати 6 миллиард долларга тенг.

Мулоқот давомида мазкур компания билан шамол ва қуёш электр станциялари қуриш бўйича қўшма лойиҳалар яратиш, трансформатор, кабель-сим ва аксессуар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш фикри маъқулланди.

Экспорт географияси дунёнинг 52 давлатини қамраб оладиган “Fresh” компанияси раҳбарияти билан кечган учрашувда электротехника соҳасида лойиҳалар амалга ошириш мавзуси кўтарилди. Тошкент вилоятида биргаликда электротехника маҳсулотлари ҳамда мис ва бутловчи қисмларни биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди.

“Orascom Construction” компанияси ижрочи директори Иҳоб Маҳовид билан учрашувда энергетика, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар истиқболи кўриб чиқилди. Ҳуддатларни батафсил ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиладиган бўлди.

Шу куни “Al Rowad” ва “ARC Shoes” раҳбарияти билан ҳам музокара олиб борилди. Қўшма корхоналар ташкил этиб, юқори сифатли чарм, тўқимачилик ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлаш юзасидан ташкилий масала ўрганиб чиқилди.

Конструктив руҳда кечган мулоқотлар давомида томонлар ҳамкорликни чуқурлаштириш, эришилган келишувларни жадал амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

ЎзА