Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бадиий публицистика кенгашининг 2022 йилги фаолиятига оид ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев ва бошқалар бугунги давр нафасини тезкорлик билан акс эттиришда публицистика йўналишида ижод қилаётган қаламкашларнинг меҳнати ғоят катта бўлаётганини таъкидлади.

Кенгаш йиғилишида олимлар Олимжон Тошбоев, Тўлқин Эшбек, Маъмура Зоҳидованинг долзарб мавзудаги маърузалари тингланди.

Таъкидланганидек, ўтган 2022 йилда мамлакатимиз ҳаётига оид энг долзарб мавзулар ёритилгани, бунда босма оммавий ахборот воситалари фаоллик кўрсатгани эътиборга молик. Бунда «Ҳуррият», «Ишонч», «Миллий тикланиш», «Ўзбекистон овози», «ХХI аср», «Адолат», «Зарафшон», «Фарғона овози» каби газеталарда, интернет сайтларда эълон қилинаётган туркум ижтимоий публицистик мақолалар бунга мисол бўла олади. «Янги Ўзбекистон» газетасида эълон қилинаётган туркум таҳлилий мақолалар, уларда илмий ва ижодкор зиёлиларга кенг ўрин берилаётгани, таҳлил биринчи ўринга чиққани диққатга сазовордир.

Жамият ҳаётида публицистик кузатувларга эҳтиёж ўтган асрнинг 90-йилларидаги каби устувор ўрин эгаллагани тобора аёнлашиб бормоқда. Бу жиҳатлар партия нашрларида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Зеро, сўз ва фикр эркинлигига ижобий муносабатнинг юзага келгани газета ва журналлар, ижтимоий тармоқлар, радио ва телевидение фаолиятига кучли таъсир кўрсатмоқда. Натижада, бадиий публицистикада ёш журъатли овозлар пайдо бўлмоқда.

Ҳисобот йили даврида публицистларимизнинг «ҳосил хирмони» анча мўл бўлди. Ўндан ортиқ тўпламлар чоп этилди. Абдусаид Кўчимов, Минҳожиддин Мирзо, Умид Бекмуҳаммад, Ҳаким Сатторий, Олим Тошбоев, Ҳусан Эрматов, Карим Баҳриев, Фармон Тошев, Аброр Зоҳидов, Шуҳрат Жабборов, Зулфия Мўминова, Муқаддас Абдусаматова, Рисолат Ҳайдарова, Аброр Ғуломов каби муаллифлар ўта фаол ижод қилдилар.

«Ўзбекистон-24», «Маданият ва маърифат», «Ўзбекистон тарихи», «Маҳалла» телеканалининг туркум кўрсатувлари томошабинда у ёки бу мавзу, муаммога нисбатан фикр уйғотиши, ёшларни бадиий асарлар оламига чорлаши, қиёсий таҳлили билан аҳамиятлидир. Бу жиҳатлар Қуддус Аъзам, Гулмира Мусажонова, Шоҳсанам Хидированинг туркум кўрсатувларида кўзга яққол ташланади.

Кенгаш йиғилишларида бадиий-ижодий публицистикага доир матбуотда эълон қилинаётган мақолалар, тўпламлар таҳлил қилинди.

Москва давлат университетининг Ўзбекистон филиалида оммавий ахборот воситалари факультети талабаларига Ўзбекистонда давлатнинг ОАВ билан муносабатига доир махсус дарс ва амалий машғулотлар ўтказилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгаришларга бағишланган муҳокама йиғилишида Конституция муқаддимасига таклифлар киритилди.

Уюшмада Беларусь, Қирғизистон, Россия Федерациясининг шоир ва ноширлари, ТУРКСОЙ раҳбарлари билан бўлган учрашувларда адабий алоқалар, бадиий таржима масалаларига оид таҳлилий фикрлар билдирилди.

Чингиз Айтматов таваллудининг 94 йиллиги муносабати билан ЎзМУ ва уюшма бадиий публицистика кенгаши ҳамкорлигида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Йиғилишда публицистика кенгашининг келгусидаги ишларини янада яхшилаш билан боғлиқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Н.Усмонова, ЎзА